Жаҳон | 09:13 / 06.10.2022
8168
3 дақиқада ўқилади

Германия Полшадан товон пули тўлаш тўғрисида нота олди

Германия ҳукумати ҳужжат ўрганилиши, шундан сўнг жавоб тайёрланишини маълум қилди. Бир кун аввал Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Полшанинг товон пули талабини рад этди.

Фото: Reuters

Германия ҳукумати Полша Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар истилоси натижасида мамлакатга етказилган зарарни қоплаш тўғрисида юборилган нотани олганини маълум қилди, деб хабар беради KNA агентлиги чоршанба, 5 октябр куни. Германия ҳукумати вакилига кўра, нота ўрганилади, шундан сўнг жавоб тайёрланади.

3 октябр куни имзоланган ҳужжат мазмуни ҳақида аввалроқ Полша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, нотада Варшаванинг томонлар товон тўлаш масаласини барқарор ҳал этиш учун чоралар кўриши кераклигига ишонч билдирилган. Полша томонлар оккупация муносабати билан моддий ва номоддий зарар учун товон тўлаш масаласини ҳал қилишини таъкидламоқда.

«Бундай келишув Полша-Германия муносабатлари адолат ва ҳақиқатга асосланишига имкон беради, ўтмишдаги оғриқли саҳифаларнинг ёпилишига олиб келади ва икки томонлама муносабатларнинг яхши қўшничилик руҳида янада ривожланишини таъминлайди», — деди Полша ТИВ раҳбари.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Варшаванинг товон пули талабини рад этди. 4 октябр, сешанба куни Полша Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан учрашувдан сўнг у Германия ҳукумати нуқтайи назаридан Полшага товон тўлаш масаласи ёпилганини айтди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, «абадий вазифа» Германия полшаликларга келтирган азоб-уқубатларни эслаб қолишдир. «Германия, шубҳасиз, тарихий масъулиятини ўз зиммасига олади», деди Бербок.

Збигнев Рау Германияга юборилган нота ҳақидаги баёнотида товон пулининг аниқ миқдорини айтмаган. Шу билан бирга, сентябр ойи бошида Полшанинг ҳукмрон «Қонун ва адолат» (PiS) партияси раҳбари Ярослав Качиньский товон миқдорини 1,3 триллион еврога баҳолаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу миқдор консерватив тарзда ҳисобланган ва бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили бунга жавобан Германия Полша томонининг Иккинчи жаҳон уруши натижасида етказилган зарарни қоплаш талабига ҳеч қандай асос кўрмаётганини айтди. У Берлин қайта-қайта мурожаат қилган аргументни такрорлади: Полша 1953 йилдаёқ кейинги товон тўлашдан бош тортган ва буни бир неча бор тасдиқлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид