Жаҳон | 20:33 / 06.10.2022
3405
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Беларусда нархларни оширишни тақиқлади

Беларус президенти Александр Лукашенко мамлакатда нархларнинг ошишини тақиқлаш ҳақида топшириқ берди.

Фото: БелТА

«Белта» агентлиги хабарига кўра, давлат раҳбари бу ҳақда инфляцияга бағишланган иқтисодий блок йиғилишида эълон қилди.

«Нархлар жуда кўтарилиб кетди. Шифтга бориб тегмоқда. Энди ҳеч қаерда нарх ошишига йўл қўйиб бўлмайди. 6 октябрдан нархларнинг ҳар қандай ошиши тақиқланади. Та-қиқ-ла-на-ди! Бугундан бошлаб. Эртага эмас, бугундан бошлаб. Тағин бир кун ичида нархлар кўтариб қўйилмасин. Шу сабабли, бугунги кундан бошлаб тақиқланади. Худо кўрсатмасин, ҳеч ким бухгалтерияда қандайдир қайта ҳисоб-китобни амалга оширмасин», деди Лукашенко.

Вазиятни назорат қилиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Унга Давлат назорати қўмитаси, касаба уюшмалари, Белстат вакиллари, шунингдек, депутат ва сенаторлар кирган. Улар 20 октябрга қадар мамлакатда нархларни тартибга солиш усулларини ишлаб чиқиши керак.

Беларусда июнь ойидаги инфляция 17,6 фоизни ташкил қилган. Май ойига қараганда истеъмол нархлари 1,1 фоизга ошгани ҳақида мамлакат Миллий статистика қўмитаси хабар берган эди. 

Ўтган йили Беларусда инфляция даражаси 9,97 фоиз бўлган. Бу ҳукумат прогнозидан анча баланд бўлиб, 2016 йилдан (10,6 фоиз) бери энг юқори даражага етган.

2021 йилда Беларус ҳукумати инфляцияни 5 фоиздан оширмасликни, 2022 йилда 6 фоиз даражасида ушлаб туришни мақсад қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид