Жаҳон | 21:20 / 08.10.2022
20444
10 дақиқада ўқилади

Миллат виждони: тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати беларуслик ҳуқуқбон Алес Беляцкий ҳақида

Беляцкий кўп йиллар мобайнида Лукашенко режимига қарши курашган, сиёсий маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган. Ҳозир эса шунинг учун қамоқхона ўтирибди. Кеча бутун дунёга машҳур бўлган инсоннинг умр йўли қандай ўтгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

7 октябр куни Нобел қўмитаси тинчлик бўйича лауреатлар рўйхатини эълон қилди. Унга Россиянинг «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти, Украинанинг «Фуқаролар эркинлиги маркази», шунингдек беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси, «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раиси Алес Беляцкий лойиқ кўрилди. Алес Беляцкий учун бу Тинчлик бўйича Нобел мукофотига олтинчи номинация ва илк ғалабадир.

2021 йилнинг июлидан Беляцкий қамоқхонада — худди шундай айблов билан у 2011 йилдан 2014 йилгача ҳам муддат ўтаган. Беларуснинг «Зеркало» нашри ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳаёти ҳақида мақола эълон қилди.

Музей директоридан ҳуқуқ ҳимоячисиликкача

Алес Беляцкий ёшлигидан Беларус миллий ҳаракатига аъзо бўлган.

У 1962 йилда ҳозирги Карелия ҳудудида таваллуд топган. У уч ёшга кирганида ота-онаси ўз ватани Беларусга қайтишган. Шоиел университетининг тарих-филология факултетини тугатиб, Беляцкий армияга бориб келган ва Минскда аспирантурага топширган. Ўшанда у «Тутэйшия» ёш адабиётчилар биродарлигининг таъсисчиси ва етакчиларидан бири бўлди. Бу ташкилот шарофати билан Беларус адабиётига кейинчалик классик адибларга айланган кўплаб ижодкорлар кириб келган: шоир Анатолий Сисдан тортиб насрнавис Андрей Федоренкогача.

Максим Богданович номидаги Минск адабиёт музейи очилиши. Чапдан учинчи Беляцкий.
Фото: архив TUT.BY

Беляцкийнинг адабиётга қизиқиши шу билан ниҳояланмаган. 1989 йилда аспирантурани битириб у Максим Богданович номидаги Минск адабиёт музейи директори лавозимига сайланган. Бу лавозимда у 1998 йилгача ишлаган. Мамлакатдаги энг яхши муассасага айланган музей айнан унинг қўл остига ташрифчилар учун эшикларини ланг очган, Беларусда, ҳатто Россияда (Ярославлда) унинг филиаллари иш бошлаган. Беляцкий яхши ташкилотчи сифатида танилди, бу сифати келгусида ўз ролини ўйнади.

1996 йилда унинг қўл остидаги ходимларнинг бир қисми ҳибсга олинган сиёсий фаоллар ва уларнинг қариндошларига кўмак кўрсата бошлади: мамлакатда тинч намойишларни зўравонлик билан бостириш бошланган эди. Беляцкий раҳбарлик қилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотини тузиш ғояси шунда пайдо бўлди. У музей билан хайрлашди, янги ташкилоти — «Весна» унинг асосий фаолият маскани бўлди.

Бунинг ҳам ўз мантиғи бор эди. Маданият тобора давлат назорати остига олинаётган эди, шу сабабли бўлажак Нобел лауреати самарали ишлай олмай қолганди. Мамлакатда қатағонлар кучайтирилди — ҳуқуқ ҳимоячиларига эҳтиёж бор эди. Беляцкий эса аллақачон сиёсатга қизиқмай қўйган эди. 1988 йилдаёқ уни аждодларни хотирлаш кунига бағишланган митингдаги иштироки учун маъмурий жавобгарликка тортишган эди. У Беларус халқ фронти асосчиларидан бири эди ва ташкилотнинг ташкилий қўмитасига кирарди.

1991 йилдан 1996 йилгача Алес муқобил асосда Минск шаҳар кенгаши депутатлигига сайланганди. Беляцкий ГКЧП давлат тўнтаришига қўрқмай қарши чиққан эди. Айнан у мажлислар залига оқ-қизил-оқ миллий байроқни кўтариб кирганди, сўнгра бу байроқ Минск шаҳар кенгаши узра ҳилпирай бошлади — бу воқеалар парламент байроқни давлат байроғи этиб тасдиқлагандан аввал рўй берганди.

1990-йиллар охири 2000-йиллар бошида Беляцкий Беларус миллий фронти раиси ўринбосари, 1990-йиллар фаолларидан эстафетани қабул қилиб олган янги мухолифат етакчиларидан бири эди. Сўнгра у сиёсатдан четланиб, айнан ҳуқуқ ҳимояси фаолиятига ўз диққатини жамлади.

Ҳукумат унинг ишини ўзича баҳолади. «Весна» кўплаб қонунбузилишлар билан ўтказилган 2001 йилги президентлик сайловларида фаол кузатувчилик қилди. Икки йил ўтгач, 2003 йилда марказни давлат рўйхатидан маҳрум қилишди. Шу статусда Беляцкий жамоаси қарийб 20 йил ишлади.

Илк қамалиши

2011 йилнинг августида Беляцкийни ҳибсга олишди. Литва ва Полша ҳукумати иккитомонлама ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги битимлар доирасида расмий Минскка унинг хориждаги ҳисобрақамлари ҳақида ахборот берган. Шулар асосида ҳуқуқ ҳимоячисини солиқ тўламасликда айблашган. Беляцкийнинг мол-мулки мусодара қилиниб, тўрт ярим йилга кучайтирилган режимдаги колонияда жазо ўташга ҳукм қилинган. Шунингдек, айбланувчи давлатга зарарларни қоплаш учун товон сифатида 90 минг АҚШ доллари ҳам тўлаши керак бўлган. Бу сумма одамларнинг хайриялари билан тўпланган.

Алес Беляцкий. Фото: TUT.BY

Беляцкий ўз айбини тан олмаган. У хорижий ҳисобрақамдаги пуллар ҳуқуқлари топталган беларусларга ёрдам бериш учун ишлатилганини тушунтирган. Унинг хорижда ҳисобрақам очишига сабаб «Весна»га Беларусни рўйхатга олишни рад этиб келишган.

Панжара ортида бўлажак Нобел лауреати жуда оғир шароитларда кун кечирган. Бугунги кунда ўзи ҳам қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентин Стефановичнинг БелаПАНга ҳикоя қилиб беришича, Бобруйскдаги №2-колонияда 7 ой бўлган Беляцкийга етти марта жазо тайинланган. Улардан бири рухсат этилмаган вақтда ухлагани учун берилган. Аслида у медитация билан шуғулланаётган бўлган.

Колонияда ҳуқуқ ҳимоячиси қадоқловчи бўлиб ишлаган. Ойига 11 минг эски беларус рубли (1 доллардан сал зиёдроқ) пул ишлаган. Шароитнинг неқадарлиги ҳақида TUT.BY саволига жавоб берар экан, Беляцкий қандайдир жисмоний тазйиқлар бўлмаган эса-да, руҳий босим доим билиниб турганини гапирган.

«Сен юз кишидан кўпроқ одам жам бўлган отрядда бўласан. 15 киши истиқомат қиладиган секцияда яшайсан. Сен билан ҳеч ким алоқа қилмайди. Сени уч метр наридан четлаб ўтишади, чунки бирор инсон сен билан саломлашса, об-ҳаво ёки футбол ҳақида гап очса эртага у отрядда бўлмайди. Менинг Бобруйск зонасида пайдо бўлишим, отрядни «Народная воля» газетасига обуна бўлганлардан тозалашдан бошланган. Шу тариқа 4 кишини дарҳол бошқа отрядга ўтказишган. Бу вакуум ҳолати сўнгги сониягача давом этди. Бу вақт ичида бир неча ўн киши бошқа отрядларга ўтказилди. Одамлар мени деб жарима изоляторига ҳам тушишди. Бу руҳан инсонни эзиб қўйди. Сен ўзингни бошқалар орасида ҳис қиласан, лекин бошқалар сендан чўчиб туришади», — деган Беляцкий.

4 ой муқаддам

Беляцкийга ҳаттоки жони узилган отаси билан видолашишга ҳам рухсат беришмаган. Первомайск район суди уч марта шундай рухсат ҳақида ажрим чиқарган — ИИВ жазони ижро этиш департаменти уч марта уни рад этган. Алес вафот этган отасини фақат ўликхонада кўришга муваффақ бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг номзоди аввал ҳам Нобел мукофотига илгари сурилган — 2006, 2007, 2012, 2013 ва 2014 йилларда. 2012 йилда нуфузли сиёсатчилар ва жамоатчилик арбоблари сўнгги дақиқаларгача мукофот беларусга йўл олади, деб ўйлашган. Эҳтимол, бу мукофот Беляцкийга қамоқхонани эртароқ тарк этишга ёрдам берган бўларди. Лекин бундай бўлмади, у охирги дақиқаларгача қамоқда ўтирди, гарчи 2011 йилнинг августида уни озод қилиш учун Беларуснинг 600 дан зиёд фуқаролари ва хорижий арбоблар сўровнома киритишган бўлишса-да.

Беляцкий 2014 йилнинг июнида амнистия туфайли озодликка чиқди. Бобруйскдаги №2-колонияда панжара ортида ўтирган 1052 кунда у икки китоб ёзган. Улардан бири адабиётшунослик мақолалари тўплами бўлса, иккинчиси «Асьвечания беларушчинай» эссеси бўлиб, унда у «қамоқхона адабиёти» терминини жорий этган. Ўша 2014 йилда бу китобни Беларус ҳудудига олиб кириш тақиқланди: ундан Беларус давлат манфаатларига зиён етказиши мумкин бўлган ахборотлар топилган.

Иккинчи бор панжара ортига ва янги айбловлар

«Уч йил лой ва балчиқ ичида ўтиргандекман, энди чиқиб ювиниб олишим керак», — деган Беляцкий озод қилинишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида. Лекин шунда ҳам мамлакатни асло тарк этмаслигини қатъий таъкидлаган:

«Мен ҳеч жойга кетмоқчи эмасман, шу ерда ўзимни жуда қулай ҳис қиламан. Мен ҳаттоки зонада ўзимни етарлича қулай ҳис қилдим, чунки атрофимда ўз одамларим бор эди. Бу мен учун муҳим. Балким пича қариб қолгандирман, лекин мен учун беларус жамияти, муҳити жуда керак. Қандай бўлса, шундайлигича. Ғарбга чиққанингда, сен ўзингни бегона муҳитда ҳис қиласан», — деган Беляцкий.

Алес Беляцкий, Валентин Стефанович, Владимир Лабкович. «Весна» ҲМ коллажи

Беляцкий ҳанузгача бу принципларига содиқ қолмоқда. 2010-йилларда у бир нечта нуфузли мукофот лауреати бўлди. Уларнинг орасида Лех Валенса, Вацлава Ҳавел, АҚШ Давлат департаменти мукофотлари бор. У хорижда қулай шароитларда яшаши мумкин эди, бироқ Беларусни тарк этмади. 2010-йилларнинг иккинчи ярмидаги нисбатан тинч шароитда ҳам, 2020 йилдан кейинги буҳронларда ҳам.

Оммавий тинч намойишлар чоғида Беляцкий Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси бўлди. 2021 йилнинг 14 июлида уни ва яна ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳибсга олишди.

У бир йил давомида тергов изоляторида ушлаб турилди, яна солиқ тўламаганлик айблови билан. Афтидан, иш бутунлай тўкилиб тушган, чунки 2022 йилнинг сентябрида янги айблов қўйилди. «Весна» ходимлари бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб йирик суммадаги пулни контрабанда қилиш, шунингдек, жамоат тартибини қўпол равишда бузган гуруҳли ҳаракатларни молиялаштиришда айблана бошланди. Гарчи айблов қайта кўриб чиқилганига қарамасдан, давлат даъвоси худди ўша солиқ тўламаганлик ишидаги сингари қолмоқда — 90 минг АҚШ доллари. Айблаш учун қўйилган энг қатъий жазо муддати эса 12 йилга озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.

Мавзуга оид