Жаҳон | 22:20 / 16.01.2026
4059
8 дақиқада ўқилади

Нобел мукофоти совриндорларидан кимлар ўз мукофотини сотган, кимошди савдосига қўйган ёки совға қилган?

Венесуэлалик Мария Корина Мачадо ўзининг Нобел медалини Доналд Трампга совға қилди. Бу камдан-кам учрайдиган ҳодиса, лекин мисли кўрилмаган эмас. Тарихда ўз медалини совға қилган, сотган ёки кимошди савдосига қўйган шахслар кўп бўлган.

Фото: AP

15 январ куни Оқ уйда Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо ўзининг тинчлик бўйича Нобел мукофотини (яъни Алфред Нобел тасвири туширилган олтин медал) АҚШ президенти Доналд Трампга топширди. Унинг сўзларига кўра, бу «унинг озодлигимизга бўлган ноёб садоқатининг эътирофи» эди.

Мачадо президент Николас Мадуро қатағонлари шароитида Венесуэланинг мухолифат ҳаракатини бошқаргани, хусусан, 2023 йилги баҳсли президентлик сайловидаги иштироки учун 2025 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди.

«Мен Қўшма Штатлар президентига тинчлик бўйича Нобел мукофотини топширдим», деди Мачадо журналистларга Оқ уйни тарк этар экан.

Фото: Reuters

Трамп ижтимоий тармоқларда Венесуэла мухолифати етакчиси медални унга сақлаш учун қолдирганини тасдиқлади ва у билан учрашиш ўзи учун «катта шараф» бўлганини айтди.

«Бу кўп нарсаларни бошидан кечирган ажойиб аёл. Мария менга қилган ишим учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотини топширди. Ўзаро ҳурматнинг ажойиб кўриниши. Раҳмат, Мария», деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда.

Мачадо ҳаракатини мисли кўрилмаган деб бўлмайди. Қоидага кўра, у медални бериши мумкин, лекин мукофотнинг ўзини эмас. Euronews тарихда юз берган шунга ўхшаш воқеаларни жамлади.

Нобел жамғармасининг низоми ва Алфред Нобелнинг васиятига кўра, лауреат унвони берилганидан кейин фақат ушбу шахсга тегишли бўлиб, қонуний равишда бўлиниши ёки бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас.

Медал ёки лауреатликни тасдиқловчи диплом кимгадир совға қилиниши, сотилиши ёки ким ошди савдосига қўйилиши мумкин, аммо бу лауреат унвонини бошқага ўтказилишини англатмайди. Нобел мукофотининг бир қанча совриндорлари, гарчи вазият ва сабаблар турлича бўлса-да, илгари ўз медалларини берган ёки сотган.

Украиналик қочқинлар фойдасига аукцион

Россияда сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун 2021 йилда филиппинлик Мария Ресса билан биргаликда тинчлик бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган россиялик журналист Дмитрий Муратов 2022 йил июн ойида кимошди савдосида медалини рекорд даражадаги 103,5 миллион долларга сотди.

Фото: AP

Ню-Йоркдаги Heritage аукционида медални аноним харидорга сотишдан тушган барча маблағлар украиналик қочқин болалар учун ЮНИСЕФ жамғармасига ўтказилган.

Кимошди савдоси Россия 2022 йил феврал ойида Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бир неча ой ўтиб бўлиб ўтди. Муратов Россиянинг сўнгги мустақил нашрларидан бири «Новая газета» бош муҳаррири эди. Нашр 2022 йил март ойида ўзгача фикрлаш ва Кремлнинг урушнинг дастлабки ҳафталаридаги ҳаракатларини танқид қилишнинг тўлиқ бостирилиши фонида Россия расмийларидан огоҳлантириш олганидан сўнг ўз фаолиятини тўхтатган эди.

Уруш даврида маблағ тўплаш

Иккинчи жаҳон уруши бошида даниялик физик олимлар Нилс Бор ва Август Крогнинг 1922 ва 1920 йилда олган Нобел медаллари 1939-1940 йиллардаги Финляндия ва Совет Иттифоқи ўртасидаги қишки уруш пайтида Финляндия тинч аҳолисига ёрдам бериш мақсадида маблағ йиғиш учун ким ошди савдосида сотилди. Кейинчалик медаллар Дания музейларига топширилди.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши пайтида немис физиклари Макс фон Лауэ ва Жеймс Франк (иккаласи ҳам Нобел мукофоти совриндорлари) Нилс Борга ўз медалларини фашистлардан яшириш учун берган. Медаллар нацистлар қўлига тушиб қолмаслиги учун Бор лабораториясида ишлайдиган венгер кимёгари Жорж де Хевеши уларни кислотада эритган.

Урушдан кейин олтин қайта тикланди ва Нобел жамғармаси медалларни қайта ишлаб, фон Лауэ ва Франк оиласига қайтарди.

Фото: AP

Бироқ, Нобел мукофоти медаллари билан боғлиқ воқеаларнинг ҳаммаси ҳам бир хил ижобий эмас, лауреатларнинг баъзи қарорлари жуда баҳсли эди.

Масалан, 1920 йилда адабиёт бўйича Нобел мукофотини олган норвегиялик ёзувчи Кнут Ҳамсун ўз медалини фашистлар Германиясининг тарғибот вазири Йозеф Геббелсга топширди.

1943 йилда Адолф Ҳитлер ва Геббелс билан учрашган Ҳамсун нацизм тарафдори бўлиб, Норвегиянинг немислар томонидан босиб олинишини қўллаб-қувватлаган. Тарихий маълумотларга кўра, у ўзининг Нобел медалини Геббелсга рамзий қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида топширган. Урушдан кейин Ҳамсуннинг обрўси тушиб кетганига ажабланмаса ҳам бўлади, аммо унинг адабий асарлари ҳануз ўрганилмоқда.

Жеймс Уотсон иши

1962 йилда Фрэнсис Крик ва Морис Уилкинс билан биргаликда ДНК тузилишини кашф этгани учун физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофотини олган Жеймс Д. Уотсон 2014 йил декабр ойида Christie’s кимошди савдосида ўз медалини 4,8 миллион долларга сотди.

Уотсон сўзларига кўра, тушган маблағлар илмий-тадқиқот институтлари ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини қўллаб-қувватлашга сарфланган. У ҳозир ҳаёт бўлган Нобел мукофоти совриндорлари орасида биринчи бўлиб ўз мукофотини сотди. Медални россиялик миллиардер Алишер Усмонов сотиб олди ва 2015 йилда Москвада бўлиб маросимда Уотсонга қайтариб берди. Усмонов олим бу медалга «муносиб» эканини айтди.

Фото: AP

Сотиш тўғрисидаги қарор Уотсон томонидан молиявий қийинчиликлар фонида қабул қилинди. Нашрнинг таъкидлашича, бу ирқ ва интеллект, айниқса, келиб чиқиши африкалик бўлган одамларга нисбатан салбий фикрлар оқибати эди. Бу фикрлар унинг обрўсига путур етказди ва Cold Spring Harbor лабораторияси раҳбарлигидан кетишига сабаб бўлди. Лаборатория Уотсонни унвонлардан маҳрум қилди ва 2019 йилда у билан барча алоқаларни узди. Уотсон аввалига ўз фикрлари учун узр сўради, аммо кейинчалик ўз қарашлари ўзгаришсиз қолганини айтди.

Фрэнсис Крик олган Нобел мукофоти медали ҳам 2013 йилда Heritage аукционида 2,27 миллион долларга сотилган. Сотувдан тушган маблағнинг бир қисми Лондондаги Фрэнсис Крик институтига ўтказилди.

Халқаро ҳамкорликни тушунишга ҳисса қўшгани учун 1933 йилда Норман Энжелга топширилган Тинчлик учун Нобел мукофоти медали 1983 йилда Sotheby’s аукционида сотилди. Ҳозир у Лондондаги Император ҳарбий музейида сақланади.

1975 йилда физика бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган Ааге Бор медали 2011 йилда ва 2019 йилда кимошди савдосида сотилган. Ааге 1922 йилда физика бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган Нилс Борнинг ўғли.

Пул хайриялари

Баъзи лауреатлар Нобел мукофоти учун олган пулларини медалдан ажралмаслик учун хайрия қилган.

1921 йилда физика бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган Алберт Эйнштейн аввалдан келишилган ажралиш битимига кўра, пул мукофотини биринчи хотини Милева Марич ва уларнинг фарзандларига берди.

Фото: AP

2000 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган Пол Грингард бутун мукофот жамғармасини аёл олимларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган Перл Майстер Грингард мукофотини таъсис этишга хайрия қилди.

1999 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган Гюнтер Блобел мукофот пулларини Дрездендаги реставрация лойиҳалари ва она шаҳридаги синагога қурилишига хайрия қилди.

1990 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган Э. Донналл Томас суяк илиги трансплантацияси бўйича олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлаш учун ўз тадқиқот марказига пул мукофотини хайрия қилди.

Ҳозирги вақтда Нобел мукофоти 11 миллион швед кронаси, яъни тахминан 1 миллион евро миқдоридаги пул мукофотини ўз ичига олади. Ўнлаб йиллар давомида бу миқдор ўзгариб, ошиб турди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид