1990-йиллар бошида Горбачёв бошлаган ошкоралик ортидан СССРда жуда кўп нарса ўзгариб кетади. Фуқароларга диний эркинлик берилади. Хусусий мулкка эгалик ҳуқуқи ва тадбиркорлик қилишга қўйилган тақиқлар олиб ташланади.

Бундан ташқари, коммунистик партия гегемонлиги бекор қилиниб, кўппартиявийликка рухсат берилади. Шундан сўнг КПССнинг олд сафларида турган айрим шахслар ундан воз кечиб, бошқа партиялар ва демократик ҳаракатларга қўшилишади.

Компартиядан воз кечганлар орасида турли юқори лавозимли шахслар билан бирга КГБ генерал-майори Олег Калугин ҳам бор эди. Бу инсон кейинчалик АҚШга кўчиб кетади ва КГБнинг кўплаб махфий маълумотларини ошкор қилади.

Гарчи, КГБ СССР билан бирга тугаб кетган бўлса-да, Калугиннинг бу ташкилотга тегишли маъфий маълумотларни ошкор қилиши Россияда нохушлик билан кутиб олинади. Оқибатда, 2002 йилда Москва шаҳар судида уни сиртдан суд қилиб, 15 йил қамоқ жазоси беришади.

Фото: lenta.ru

Олег Калугин ҳақида

Олег Калугин 1934 йилда Ленинградда туғилган. Унинг отаси ўша пайтда НКВД таркибида бўлган Давлат хавфсизлиги вазирлиги ходими сифатида компартиянинг Ленинград бўлими раҳбарларини қўриқлаган.

1952 йилда Олег Калугин ўрта мактабни, кейин эса КГБга тегишли иккита олий ўқув юртини битиради. 1952-56-йилларда КГБ қошидаги хорижий тиллар институтида, 1956-58-йилларда Олий разведка мактабида ўқийди.

Хорижий тиллар институтида у инглиз, немис ва араб тилларини ўрганади. 1955 йилда илк офицерлик унвонини олади ва компартия сафига қабул қилинади. Ўқиш давомида Ленинград области КГБ бошқармасида амалиёт ўтайди.

Олег Калугин Олий разведка мактабини битиргач КГБнинг ташқи разведка бўлимига ўтказилади.

Ўша пайтларда чет эллик ёшлар АҚШдаги Филбрайт фонди кўмагида Америкадаги турли ОТМларда ўқиши, малака ошириши мумкин эди. Совет-Америка келишувига кўра АҚШга совет ёшлари ҳам жўнатиларди.

1958 йилда Калугин Филбрайт фонди дастури бўйича Ленинград давлат университетининг талабаси ниқоби остида Жданов фамилияси билан АҚШга 1 йиллик малака оширишга жўнатилади. Аслида эса КГБ умидли жосус сифатида ўсиб келаётган Калугинни синовдан ўтказишни хоҳлаганди.

Калугин аввалига Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Колумбия университетида «журналистика йўналиши» бўйича малака оширади. Кейинчалик, Михаил Горбачёв даврида «Қайта қуриш» идеалогияси асосчиси сифатида танилган Александр Яковлев ҳам ўшанда АҚШга Калугин билан бирга борганди. Табиийки, у Калугиннинг КГБ ходими эканини ва АҚШга синов тариқасида юборилганини билмасди.