Жаҳон | 16:33 / 11.10.2022
7780
2 дақиқада ўқилади

Британия разведкаси: Украина урушда бурилиш ясади, Россия қўшинлари ҳолдан тойган

Фото: EPA

Украина урушнинг боришини ўзгартиришга муваффақ бўлди, Россия қўшинларининг имкониятлари эса «тугаган», деб ҳисоблайди Британия ҳукумати алоқа маркази (электрон разведка ҳамда ҳукумат органлари ва армия маълумотлари ҳимояси учун масъул бўлган махсус хизмат) раҳбари Жереми Флеминг.

«Биз биламиз — ва жойлардаги россиялик командирлар ҳам билишади — уларнинг захиралари ва ўқ-дорилари тугамоқда», — дея Флемингнинг баёнотидан иқтибос келтиради BBC News.

У Россиянинг Украинадаги уруш учун харажатлари (одамлар ва техника бўйича йўқотишлари) — «ҳайратланарли» даражада, Россия қўшинлари босқиннинг илк даврида эришган муваффақиятлар ҳозирга келиб бекор бўлмоқда.

Флеминг, шунингдек, РФ президент Владимир Путиннинг уруш бошлаш бўйича қарори нотўғри бўлиб чиққани ва буни куч тузилмаларидагилар ҳам, Россия аҳолиси ҳам тушуниб ета бошлашганини таъкидлаган. «Улар Путин вазиятни нақадар нотўғри баҳолаганини кўриб туришибди», — деб ҳисоблайди у.

У россияликлар сафарбарликдан қочишга мажбур бўлаётгани, энди хорижга эркин сафар қила олмаслиги ва энди замонавий технологиялар ва глобал тенденциялардан фойдаланиш имкони кескин чекланишини англаб туришганини қайд этган.

  • 24 феврал куни Россия қўшини Украинага кенг кўламли босқин бошлаганди. Улар қатор йирик шаҳарларни эгаллаган ва Киевга яқинлашганди. Март ойи охирига келиб РФ мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийларнинг асосий вазифаси «Донбассни озод этиш» бўлишини маълум қилиб, қўшинлар Украина шимолидан олиб чиқилди. Россия армияси 2022 йил ёзида украин қўшинларини Донецк ва Луҳанск областларининг катта қисмидан сиқиб чиқарди, аммо август-сентябр ойларида Украина қуролли кучлари муваффақиятли қарши ҳужум бошлади.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид