Ўзбекистон | 21:36 / 12.10.2022
64200
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors ҳар бир Malibu-2'нинг устига 10 минг доллар “миндириб” пуллаяптими?

Malibu-2 автомобили Ўзбекистонга GM Korea Company'дан импорт қилинаётгани ойдинлашди. Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда бу автомобиль нархлари ўртасидаги тафовут, логистика харажатини чиқариб ташлаганда, тахминан 9-10 минг долларни ташкил қилмоқда.

Фото: UzAuto Motors

UzAuto Motors жорий йил бошида Korea Company билан Chevrolet Malibu импорт қилиш бўйича қарийб 63,5 млн долларлик шартнома имзолаган. Бу ҳақда davletovuz Telegram-канали хабар бермоқда.

“Бу пулга Кореяда нечта “Малуба” олинган-у, Ўзбекистонда қанчага пуллангани қизиқ. Олибсотарликдан қанча даромад кўрди экан?” – дея ёзган блогер.

Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, GM Korea компанияси Жанубий Кореянинг ўзида Chevrolet Malibu автомобилини таклиф қилинаётган қулайликларидан келиб чиқиб 28 млн 950 минг вондан 33 млн 230 минг вонгача (ҳозирги курс бўйича 20 300 доллардан 23 300 долларгача) бўлган нархларда сотмоқда.

Таққослаш учун, Кореядан импорт қилинувчи Chevrolet Malibu'ни Ўзбекистонда 394 млн 900 минг сўмдан 405 млн 900 минг сўмгача (35 600 доллардан 36 580 долларгача) бўлган баҳода харид қилиш мумкин.

Kun.uz “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот хизматига Кореядан автомобиль импорт қилишда логистика харажатлари қанчага тушиши ва битта контейнерда нечта машина олиб келиниши юзасидан мурожаат қилди, бироқ маълумот ололмади.

Kun.uz манбасига кўра, бугунги кунда Жанубий Кореядан 3та машина ортилган битта контейнернинг ўртача логистика нархи 12,5 минг долларни ташкил қилади. Бундан кўринадики, олиб келиш харажатларини қўшиб ҳисобланганда ҳам, Chevrolet Malibu ҳар бир автомобилни Кореядаги нархларига нисбатан тахминан 9-10 минг доллар қимматроқ сотаётган бўлиши мумкин.

Боз устига, улгуржи харид қилингани сабаб арзонроқ нархда сотиб олинаётган бўлиши эҳтимолини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Импорт устига қурилган автомобилсозлик

Davletovuz эълон қилган маълумотлардан кўринадики, UzAuto Motors GM Korea компанияси билан машина ва бутловчи қисмлар импорти бўйича 700 млн долларлик ва 446 млн долларлик, GM Brasil компанияси билан эса 30 млн долларлик, Joyson Safety Systems Hungary Kft компанияси билан хавфсизлик ёстиқчалари харид қилиш учун 76,6 млн евролик шартномалар тузган.

Шунингдек, Shandong Linglong Tyre Co. LTD билан Damas ва Lacetti учун шиналар импорт қилиш мақсадида 23,5 млн долларлик битим тузган.

Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш бошланганига (1996 йил) 27 йилга яқинлашди. Бу давр мобайнида миллий ишлаб чиқарувчига беҳисоб даражада кўп имтиёзлар берилди, енгилликлар яратиб берилди. Бу жараён айни пайтда ҳам турли кўринишларда давом этяпти. Аммо ташқи бозорларга қарамлик ҳамон сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг сўнгги 20 йилдаги таҳлили ҳам шуни кўрсатмоқдаки, умумий импорт таркибида машиналар ва машинасозлик ускуналари улуши барқарор равишда 35-40 фоизга яқин даражада сақланиб қолган. Аммо умумий экспорт таркибида бу кўрсаткич улуши 2-3 фоиздан ошмайди.

2020 йилда умумий импортнинг 37,6 фоизини, 2021 йилда эса 32,4 фоизини машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ташкил этган. Мос равишда, мазкур йилларда умумий экспорт таркибида машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарининг улуши атиги 2,9 ва 4,2 фоиз бўлган.

Машинасозлик маҳсулотлари импорти ошиб бориши натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти техник ва технологик қайта жиҳозланмаяпти. Натижада маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, таннархи эвазига янада қимматлашиб бормоқда.

Бундан ташқари, бутловчи қисмлар борасида ташқи бозорларга қарам UzAuto Motors глобал таъминот занжири ва логистика билан боғлиқ муаммолар фонида қийинчиликларга дуч келмоқда. Бунинг ортидан автомобилларга талаб таклифдан кескин юқорилиги сабабли навбатлар узайишда давом этяпти. 12 октябрь ҳолатига, ярим пули олдиндан тўлаб қўйилган буюртмалар сони 96 мингтага етган.

Мавзуга оид