15:18 / 13.10.2022
9407

21 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулот импорт божидан озод қилинди

Президент қарори билан 2025 йилнинг 1 январига қадар айрим хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божидан озод қилинди.

Фото: Bloomberg

“Саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлаш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январга қадар 21 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларга импорт божхона божи ноль ставкада қўлланади.

Шунингдек, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими доирасида барча ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини тўлаш талаби бекор қилинади.

2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • асбоб-ускуналар сотиб олиш (сотиш) бўйича шартномада монтаж ва ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа хизматлар қиймати кўрсатилмаган ҳолларда бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади;
  • мазкур хизматларни кўрсатганлик учун норезидентнинг солиқ солинадиган даромадини шартнома қийматининг 20 фоизига тенг деб ҳисоблашнинг амалдаги тартиби бекор қилинади.

Маълумот учун, ўтган йилнинг октябрь ойида президент қарори билан 82 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божхона божидан озод қилинганди.

Top