Жаҳон | 09:41 / 13.10.2022
9892
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Аннексия эркин халқлар томонидан тан олинмайди

Володимир Зеленский БМТ Бош ассамблеясининг Украина минтақаларининг Россия томонидан аннексия қилинишини қораловчи резолюциясига изоҳ берди. 

Фото: EPA

«Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги: БМТ низоми тамойилларини ҳимоя қилиш» тарихий резолюциясини қўллаб-қувватлаган барча 143 давлатга раҳмат. Дунё ўз сўзини айтди: Россиянинг аннексия қилишга уриниши бефойда ва эркин халқлар томонидан ҳеч қачон тан олинмайди», — деб ёзди Украина президенти Twitter'даги микроблогида. 

Унинг қўшимча қилишича, Украина ўзининг барча ерларини қайтариб олади.

Бундан олдин БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украина тўртта ҳудудини аннексия қилганини қораловчи резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. 

«Украинанинг ҳудудий яхлитлиги. БМТ низоми тамойилларини ҳимоя қилиш» ҳужжати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР», «ЛХР», шунингдек, Россия томонидан босиб олинган Запорижжя ва Херсон областлари ҳудудларида ўтказилган «референдумлар»ни тан олмайди. 

Таъкидланишича, сохта референдумлар юридик кучга эга эмас ва бу ҳудудларнинг мақомини ўзгартириш, жумладан, Россияга қўшиб олиш учун асос бўла олмайди.

Россиянинг ҳаракатларини қораловчи резолюцияни 143 давлат вакиллари қўллаб-қувватлади, 35 таси бетараф қолди. Яна беш давлат – Россия, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа бунга қарши чиқди.

Мавзуга оид