Жаҳон | 21:10 / 14.10.2022
20384
2 дақиқада ўқилади

«IT Park» Тожикистон излаш тизими учун 10 млн доллар таклиф қилгани айтилди 

Google ва Яндекс излаш тизимининг тожикча муқобили эгаси уни Ўзбекистонга сотишни истамаган.  

Asia-Plus хабарига кўра, Тожикистонда ишлаб чиқилган Dodaho.tj излаш тизими учун Ўзбекистон «IT Park»и 10 миллион доллар таклиф қилган.  

Google ва Яндекс тизимларининг тожикча муқобили МИСиС университети Душанбе филиали ўқитувчиси Файзулложон Сафаров ва дўстлари томонидан ишлаб чиқилган. 

«Ўзини Ўзбекистон «IT Park» менежери деб таништирган шахс Dodaho.tj излаш тизими номини Dodaho.uz деб ўзгартиришни таклиф қилди, биз рози бўлмадик ва уни сотишдан бош тортдик. Чунки бу миллий маҳсулот ва миллат манфаати шахсий манфаатлардан устун бўлиши керак. Биз уни ҳеч кимга сотмаймиз», деди Файзулложон Сафаров. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда dodaho.tj излаш тизимидан 1 миллионга яқин киши фойдаланади. Dodaho ресурсларида эса 35 та тилдаги 500 мингдан ортиқ электрон китоблар, оммавий адабиётлар ва фойдали маълумотлар бор.

 

Ўз навбатида тизим асосчиси инновацион лойиҳаларига маҳаллий инвесторлар ва ҳукумат томонидан қизиқиш йўқлигини айтди. 

«Муваффақиятимизга ишонишмади, Google ва Яндекс билан рақобатлашиш мураккаб эканини айтишди, аммо биз олдинга қараб боряпмиз. Лойиҳа асосан ота-онам, ака-укаларим ва баъзи дўстларим томонидан молиялаштирилмоқда», деб қўшимча қилди Сафаров. 

Файзулложон Сафаров дўстлари билан бирга Dodaho миллий браузерини ҳам ишлаб чиққан. 

Мавзуга оид