Жаҳон | 09:31 / 14.10.2022
9860
3 дақиқада ўқилади

«Роснефт» Германияга қарши даъво аризаси билан чиқди

Россиянинг «Роснефт» нефть концерни манфаатларини Германиянинг Malmendier Legal юридик фирмаси ҳимоя қилади. Адвокатларнинг сўзларига кўра, даъво Лейпциг федерал маъмурий судига берилган.

Фото: Ведомости

Россиянинг «Роснефт» нефть концерни Германиянинг учта шуъба корхонасини ишончли бошқарувга ўтказиши муносабати билан Германияга қарши судга даъво билан мурожаат қилди. Бу ҳақда 13 октябр, пайшанба куни Германияда «Роснефт» манфаатларини ҳимоя қилувчи Берлиндаги Malmendier Legal юридик идорасига таяниб, Handelsblatt бизнес нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, даъво Лейпциг федерал маъмурий судига берилган. Компаниянинг фикрича, Германия ҳукумати хатти-ҳаракатлари қонуний асосга эга эмас, чунки компания Газпромдан фарқли ўлароқ, Германиядаги объектларига маҳсулот етказиб беришни тўхтатмаган.

«Бугунги кунда «Роснефт» хом нефть етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда. Етказиб беришда узилишлар йўқ, шунингдек, мажбуриятларни бажаришга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар ҳам мавжуд эмас», - дея тушунтирди концерн вакиллари. Адвокатлар, шунингдек, «Роснефт» «Украинадаги можарога» қарамай, ўз мажбуриятларини сиёсий таъсирсиз бажараётганини таъкидладилар.

Сентябрь ўрталарида Берлин «Роснефт»ни Германиядаги активлари устидан назоратдан маҳрум қилди. Германия Иқтисодиёт вазирлиги Rosneft Deutschland GmbH ва унинг RN Refining & Marketing GmbH компаниясини Федерал тармоқлар агентлигининг ишончли бошқарувига топширди. Натижада, «Роснефт» шуъба корхоналарининг Шведтдаги PCK , Карлсруэдаги Miro ва Фобургдаги Bayernoil нефтни қайта ишлаш заводларидаги улушлари немис регулятори назоратига ўтди. Ушбу заводлар Германиядаги барча нефтни қайта ишлаш қувватларининг тахминан 12 фоизини ташкил қилади.

«Роснефт» Германия ҳукуматининг ўзининг учта шуъба корхонасини ишончли бошқарувга ўтказиш тўғрисидаги қарорини ноқонуний деб атади ва «ўз манфаатларини ҳимоя қилишнинг барча имкониятларини, жумладан, судга мурожаат қилиш»ни кўриб чиқаётганини айтди. Германия Иқтисодиёт вазири Роберт Хабек нефть концернининг шуъба корхоналари бўйича қабул қилинган қарорни мамлакатнинг энергия хавфсизлиги билан боғлади. Унинг сўзларига кўра, заводлар фаолияти «марказий, муҳим провайдерлар, масалан, бутловчи қисмлар етказиб берувчилар, суғурта компаниялари, банклар ва IT-компаниялар «Роснефт» билан ҳамкорлик қилишни истамагани туфайли савол остида қолган.

Мавзуга оид