Қозоғистон Россияда сафарбарлик эълон қилингач бошланган янги эмиграция тўлқинининг асосий йўналишига айланди. Мамлакат ички ишлар вазирлигига кўра, бир ойдан камроқ вақт ичида Қозоғистонга 200 мингга яқин россиялик кириб келган. Улардан қанчаси Қозоғистонда қолиши, қанчаси бошқа давлатга йўл олиши ва яна қанчаси турли сабабларга кўра Россия Федерациясига қайтиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин. Аммо Қозоғистон кўплаб руслар ўз ҳаётини имкон қадар тезроқ ва олдиндан ўйланган режасиз қайта тиклаши керак бўлган жойга айланиб бўлди. «Медуза» нашри Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган ва ҳозирда шу давлатда бўлиб турган россияликлар билан суҳбатлашди.

Влад Хабаровск ўлкасидан. У сафарбарлик эълон қилинга, Олмаотага келган
Офелия Жакаева / «Медузa»

***

Мен Белгород шаҳрида яшар эдим. У ерга доимо ракеталар келиб тушади, дронлар учиб келади, портлашлар юз беради. Биз кетишга қарор қилдик, аммо молиявий аҳволимиз яхши эмасди, шу сабаб маблағни тежаш мақсадида қолдик. Мен учинчи гуруҳ ногирониман ва ҳарбий хизматга яроқсизман. Аммо одамлар баъзи нохуш нарсалар ҳақида гапира бошлади. Айтишларича, ҳарбий комиссариатдагилар кечқурун келишади ва ҳеч нимани эшитмасдан олиб кетиб, қаергадир юборишади. Ҳатто сиз хизматга яроқсиз бўлсангиз ҳам буни ўша ерда тушунтиришингиз керак бўлади. Натижада мен ва хотиним ҳеч қандай тежамкорликсиз кетишга қарор қилдик. Аёлим ҳозир ҳам қаттиқроқ овозлардан сесканиб тушади.

***

Мен Қозоғистонга Омск-Остона поездида келдим. Чегара постида поездга чегарачи кирди. Юрагим қаттиқ ура бошлади, лекин хотиржамликни сақлашга ҳаракат қилдим. Бир чегарачи менинг ҳужжатларимни текшираётганда қўшни ўриндиқдаги кишига «Нарсаларингизни йиғиштиринг, сизга Россия Федерациясини тарк этиш тақиқланган» дейишди. Мен унга бу хабарни деярли дарҳол, ҳеч қандай саволларсиз айтишганини кўрдим ва хотиржам бўлдим. Чунки улар менинг ҳужжатларимни бир неча дақиқадан бери текшираётганди, демак мен рўйхатда эмасман.

Албатта, сизни эмас, бошқа бировни олиб кетаётганларидан хурсанд бўлиш даҳшатли туйғу. Бу вагондаги ҳамма ўзи учун қайғурарди. Барча ўша йигитни индамай кузатди.

***