Самарқанд шаҳрига кўчирилган трамвай эса шаҳарнинг муҳим транспорт тармоғига айланиб бормоқда. 2030 йилгача Самарқандда яна иккита муҳим трамвай йўналиши ишга туширилиши мўлжалланган.

Twitter’да маданий маълумотлар улашувчи The Cultural Tutor аккаунти трамвайлар ҳақида қизиқарли маълумотлар кетма-кетлигини эълон қилди. Унда Замонавий шаҳар учун трамвай жамоат транспорти сифатида нега муҳимлиги мисоллар билан тушунтирилган.

Фото: Getty Images

Трамвай нима ўзи?

Ҳа, у поезд ҳам эмас, автобус ҳам. Сизга трамвайда одам ташувчи ҳар икки транспортнинг муаммолари жамлангандек, унда автобус ё поезднинг устунликларидан ҳеч нарса йўқдек туюлиши мумкин.

Бироқ аслида, трамвай ҳар икки транспорт оламининг энг яхши омихтаси: шаҳар жамоат транспортининг идеал туридир.

Ҳам ер устида, ҳам ер остида ҳаракатланувчи поездлар (метро) ва автобуслар, албатта, ўз ўрнига эга.

Поездлар узоқ масофаларга қатнаш учун жуда қулай, лекин айрим ўринларда автобус йўналишларига хос эгилувчанлик ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ трамвайлар шаҳарлар ва шаҳар марказларида қисқа масофаларга қатнаш учун жуда қулай.

Қаранг, трамвайлар автомобилларга қараганда самаралироқ бўлибгина қолмасдан, автобус ва бошқа «арзонроқ» жамоат транспортига нисбатан кўпроқ йўловчиларни таший олади.

Кўчаларда транспорт воситалари сони қисқартирилиши катта афзалликларга эга.

Албатта, бу энг аввало атроф-муҳит учун фойдали — тоза ҳаво кўпаяди. Қолаверса, бу шаҳар муҳити учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки атрофда машиналар камайса, пиёдалар, велосипедчилар, боғлар, қаҳвахоналар яна бошқа нарсалар учун кўпроқ жой қолади.

Бундан ташқари, автомобилларга эҳтиёж пасайтирилиши сизга шаҳарларни режалаштириш ва лойиҳалаш имконини беради. Бу ҳолда автомобилларга устуворлик бериб, машиналар учун кенг кўчалар, катта-катта парковкалар ва ҳоказолар яратиш эҳтиёжи ўз-ўзидан йўқолади.