Жаҳон | 13:42 / 17.10.2022
11205
2 дақиқада ўқилади

НАТО ядро қуролидан ҳимояланиш бўйича машқлар бошлаяпти

Икки ҳафталик «Мустаҳкам кун» манёврлари одатий ҳодиса бўлиб, Россиянинг ядровий таҳдидлари билан боғлиқ эмас, дея таъкидлайди НАТО.

Фото: AFP

НАТО ҳар йили альянснинг Европа ҳудудини ядро қуролидан фойдаланиш оқибатларидан ҳимоя қилиш учун машғулотлар ўтказади. 17 октябр, душанба куни бошланган ва кейинги икки ҳафта ичида бўлиб ўтадиган навбатдаги «Мустаҳкам кун» («Steadfast Noon») манёврларида 60 тагача самолёт иштирок этмоқда. Улар орасида замонавий қирувчи самолётлар, разведка ва ёнилғи қуйиш самолётлари, шунингдек, узоқ масофага учувчи B-52 бомбардимончи самолётлари бор. 

Машқлар ўтказиладиган жойларга Бельгия ва Британия ҳаво ҳудуди, шунингдек, Шимолий денгиз айланади. Иштирокчилар орасида Бундесвер ҳам бор. НАТО машғулотлар сценарийси ва тафсилотлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаяпти.

Шу билан бирга, НАТО машғулотлар Россиянинг Украинага қарши урушига реакция эмаслигини таъкидламоқда. «30 октябрга қадар давом этадиган манёврлар халқаро кун тартибидаги долзарб воқеалар билан боғлиқ бўлмаган мунтазам, такрорий машғулотлардир», дея маълум қилди Шимолий Атлантика альянси 14 октябр куни. НАТО матбуот котиби Оана Лунгескунинг сўзларига кўра, улар альянснинг ядровий тийиб туриш самарадорлиги ва хавфсизлигига ҳисса қўшади.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан сўнг, Россия президенти Владимир Путин, ҳукумат амалдорлари ва тарғиботчилар Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини бир неча бор очиқ айтди. Хусусан, 21 сентябр куни Путин сафарбарлик бошланиши муносабати билан халққа қилган мурожаатида Россия ҳукумати ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун «ихтиёридаги барча воситаларни» ишга солишга тайёрлигини айтиб, «бу ҳазил эмаслигини» таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид