Ўзбекистон | 08:39 / 17.10.2022
5538
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Малайзия икки соҳада магистратура таълим дастурини ишлаб чиқади

Бухоро вилояти ва Малайзия олий ўқув юртлари истиқболли таълим дастурларини биргаликда амалга оширади.

Фото: Dunyo

Амалий сафар билан Малайзияга борган Бухоро вилояти ҳокимлиги делегацияси Менежмент ва илм-фан университети (Management and Science University – MSU) ҳамда Sunway университети раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашувларда 2021 йилда Бухоро давлат университети билан имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни амалий амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Бизнес бошқаруви ва туризмни бошқариш йўналиши бўйича икки томонлама диплом (Ўзбекистонда 1 йил, Малайзияда 1 йил ўқиш) бериш бўйича магистратура таълим дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Томонлар 2023 йилда талабалар алмашуви, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва икки мамлакат ОАВда мақолалар чоп этиш, MSU раҳбариятининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш режаларини белгилаб олди.

Учрашув давомида  БухДУ ва Sunway университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжат профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ривожлантириш, талабалар учун «ёзги мактаблар», STEM фанлари бўйича лабораториялар ташкил этиш бўйича илғор тажриба алмашишни назарда тутади.

Университетлар ўртасида юқоридаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида, «Туризм ва меҳмондўстлик», «Ахборот технологиялари», «Биокимё», «Сунъий интеллект»  мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш учун қўшма дастурларни йўлга қўйиш имкониятлари ва эҳтиёжларини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид