13:04 / 17.10.2022
3857

Самарқанд шаҳрида Мусулмон ёшлари форуми ўтказилиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ўринбосари билан учрашди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Тарик Бахит билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Учрашув давомида мамлакат дипломатия миссияси раҳбари суҳбатдошга Ўзбекистоннинг ўз-ўзини англаши учун имкониятлар яратиш ва келажакда мамлакат равнақига ҳисса қўшишни ўз ичига олган ёшлар сиёсати ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Томонлар келгуси йил баҳорида Самарқанд шаҳрида Мусулмон ёшлари форумини ўтказиш бўйича Ўзбекистон интилишини муҳокама қилди.

Тарик Бахит таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан йирик сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий ва бошқа тадбирларни юқори ташкилий ва асосли даражада ўтказиш бўйича халқаро марказ сифатида эътироф қозонди. У жорий йил 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш" халқаро конференциясидаги иштирокини қайд этди. Халқаро форум аҳамиятини қайд этар экан, Тарик Бахит анжуман Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакат низодан кейинги тикланиши учун мазмунли, мажмуавий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшганини таъкидлади.

Тарик Бахит ИҲТга аъзо давлатлар иштирокида Ўзбекистонда Мусулмон ёшлар форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлар экан, лозим бўлса уни ташкил этишда кўмаклашишга тайёр эканини маълум қилди.

Top