Жаҳон | 17:49 / 17.10.2022
4076
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Арманистон чегара ҳудудларига кузатувчиларини юборади

Кузатув миссияси 40 нафар дипломат иштирокини ўз ичига олади ва икки ойга мўлжалланган, дея Европа иттифоқи кенгаши қарорини эълон қилди Жозеп Боррел.

Фото: Reuters

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги можаро фонида Европа иттифоқи Арманистоннинг чегара ҳудудларига кузатувчиларини юборади. Тегишли қарор ташқи ишлар вазирлари томонидан 17 октябр, душанба куни Люксембургда бўлиб ўтган Европа иттифоқи кенгаши йиғилишида қабул қилинди, дея маълумот берди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.

Миссия таркибига 40 нафар дипломат кириши кутилмоқда. Унинг муддати шартли равишда икки ой билан чекланган. Боррелнинг сўзларига кўра, кузатувчиларнинг мақсади икки давлат чегарасини мустаҳкамлаш ва низолашаётган икки давлат ўртасида ишончни мустаҳкамлаш бўлади. 

Ўн кун аввал Прагада Европанинг 40 дан ортиқ давлати вакиллари билан учрашув чоғида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Европа иттифоқи фуқаролик мониторинги миссиясини тузишни маъқуллаган эди. Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел можарони ҳал қилишда воситачи бўлди. 

Тоғли Қорабоғ юзасидан Ереван ва Боку ўртасида ўнлаб йиллар давом этган можаро сентябр ойи ўрталарида яна авж олди. Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Озарбойжон чегарадаги Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишини ўққа тута бошлаган. Боку Ереванни чегарада Дашкесан, Қалбажар ва Лочин йўналишларидаги «кенг кўламли диверсия»да айблади. Натижада ҳар икки томондан 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, шундан сўнг АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид