Ўзбекистон | 08:57 / 18.10.2022
6922
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонга жўнатилаётган маҳсулотлар 90 фоизи «Термиз халқаро савдо маркази» орқали ўтказилади

Тошкентда «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Фото: Dunyo

Тошкент шаҳридаги «Конгресс холл»да «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудудида яратилган имкониятлар тақдимоти бўлиб ўтди.

«Термиз халқаро савдо маркази»да тадбиркорликни ривожлантириш, марказ ҳудудида қўшни афғонистонлик ва хорижий тадбиркорлар учун яратилган имконият ва преференсиялар, экспорт-импорт айланмасини ошириш каби масалалар кун тартибидаги асосий ўринни эгаллади.

«Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудудида яратилган имкониятлар, инвестициявий муҳит, замонавий инфратузилма ечимлари таништирилди. Хорижий меҳмонлар марказ бўйлаб 10 кун давомида визасиз саёҳат қилиши, дўконлар харид қилиши, чакана ва улгуржи савдони амалга ошириши, савдо жойларини 4-5 ойга бепул ижарага олиши имконияти яратилиши таъкидланди.

2021 йилда Ўзбекистон-Афғонистон товар айирбошлаш ҳажми 647,0 миллион долларни, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса 520,6 миллион долларни ташкил қилган. Марказ тўлиқ қувват билан ишга туширилиши Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1,2 миллиард долларгача оширади. Афғонистон бозорига жўнатилаётган барча маҳсулотлар 90 фоизигача марказ орқали ўтиши мумкин бўлади. Марказ ҳудудида 300 ўринли тиббиёт пункти мавжуд 4 юлдузли имтиёзли меҳмонхона қурилмоқда.

Тақдимот дастури доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўзаро алоқаларни алмашиш ва ҳамкорлик устувор йўналишлари ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлган В2В учрашувлари ҳам ташкил этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид