Ўзбекистон | 18:20 / 18.10.2022
4241
2 дақиқада ўқилади

«Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик муҳим» – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири

18 октябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида «Терроризмга қарши кураш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Тадбирда чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб, Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболлари ушбу давлатда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлигини таъкидлади.

«Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик муҳим. Владимир Норов халқаро ҳамжамиятни БМТ, халқаро молия институтлари ва донорлар кўмагида мамлакат иқтисодиётини тиклаш, уни минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали чоралар кўришга чақирди», - дейилади ТИВ ахборотида.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ Самарқанд саммитида илгари сурилган Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғармани ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Жамғарма маблағлари ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

«Минтақадаги умумий хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши кураш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бу дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқин муносабатлардир. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мамлакатларимизнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдаги улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам бермоқда», - деган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Душанбедаги халқаро конференцияда.

Шунингдек, вазир Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнлари бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдираётганини таъкидлаган.

Мавзуга оид