Ўзбекистон | 10:11 / 18.10.2022
4628
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёда юк автомобиллари ўтишини тезлаштиришни таклиф қилди

Ўзбекистон делегацияси Женевада бўлиб ўтган БМТ ишчи гуруҳлари сессияларида иштирок этди.

Фото: Shutterstock

Женевада транспорт билан боғлиқ божхона масалалари бўйича ишчи гуруҳи 161-сессияси ва ТИР китобчаси бўйича Халқаро юк ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил) маъмурий қўмитаси 78-сессияси  бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси маълумотларига кўра, Женевада бўлиб ўтган тадбирларда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ва Халқаро автомобиль ташувчилар уюшмаси вакилларидан иборат делегация иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси республика божхона органларининг чегарадаги автомобиль назорат-ўтказиш пунктларини такомиллаштириш борасидаги фаолияти йўналишлари, истиқболлари, муаммолари, Марказий ва Жанубий Осиёда юк автомобилларининг ўтишини тезлаштириш бўйича таклифлар тақдим қилди.

Мамлакат делегацияси қўмитага республика миллий қонунчилиги асосида рухсатномалар олиш жараёнини рақамлаштириш, «Бир дарча» тамойили бўйича электрон шаклда рухсатномалар бериш бўйича сўнгги ишланмалар ҳақида маълумот берди.

Маъмурий қўмита бошқа давлатларни рухсатномалар беришнинг электрон тизимларига ўтишга ундаш мақсадида навбатдаги сессия олдидан Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасидан намуналар тайёрлашни сўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид