Жаҳон | 07:43 / 18.10.2022
59091
3 дақиқада ўқилади

Катта алмашув. Украина 108 нафар аёлни Россия асирлигидан қайтарди

17 октябр куни Украина ва Россия ўртасида янги кенг кўламли асирлар алмашинуви бўлиб ўтди, натижада 108 нафар аёл Украинага қайтди.

Фото: Twitter / Andriy Yermak

Озод этилган аёллар орасида Россиянинг феврал ойи охиридаги босқинидан олдинроқ «халқ республикалари» деб аталувчи ҳудудларда асирликка тушган аёллар ҳам бор.

Озод этилганларнинг энг каттаси 62 ёшда, энг кичиги - 21 ёш.

«Бугун навбатдаги кенг кўламли асирлар алмашинуви ўтказишга муваффақ бўлдик. Жуда ҳиссиётли ва чиндан ўзгача: биз асирликдан 108 аёлни қутқрадик», - дея хабар берган Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак.

«Бу биринчи тўлиқ аёллар алмашинуви эди», деб қўшимча қилади Ермак.

У алмашув тафсилотларини ҳам очиқлаган: 37 нафар аёл «Азовстал»дан эвакуация қилинганлар, 11 офицер, 85 - нафар оддий аскар ва сержантлар. Унга кўра, ватанга қайтган қизлардан 35 нафари Украина қуролли кучларида, 32 нафари Ҳарбий-денгиз флотида, 12 нафари ҳудудий мудофаа кучларида, саккиз нафари Украина Миллий гвардиясида, беш нафари давлат махсус транспорт хизматида, тўрт нафари давлат чегара хизматида ишлаган ва 12 нафари эса тинч аҳоли вакилларидир.

«2019 йилдан бери сохта республикаларда одамлар етим болалар учун инсонпарварлик ёрдамини ташишда ифодаланган «ўта украинапарастлик», «жосуслик» ва «терроризм» учун қамалган», дея хабар қилди Ермак. 

Унинг айтишича, бу асабий алмашув бўлди. «Жараёнга таъсир қилиши ва ҳатто унинг кечишини ўзгатириб юбориши мумкин бўлган кўплаб жиҳатлар ва пайтлар бўлди», дея тан олади у.

Украина ҳукумати барча аёллар зарур тиббий ёрдамлар олиши, уларга жисмонан ва руҳан тикланишда ёрдам кўрсатилишига ишонтирган.

Аввалроқ Донецкдаги айирмачилар раҳбари Денис Пушилин «110 га 110» шаклида алмашув кутилаётганини айтганди. Украина томонидан берилган маҳбуслар орасида 30 киши Россия Федерацияси, «ДХР» ва «ЛХР»даги қуролли тузилмалар ҳарбийлари бўлган, 72 киши эса фуқаролик денгизчилари.

Россия мудофаа вазирлиги вакили эса Украинага жами 110 аёл қайтиши кўзда тутилгани, аммо икки аёл алмашишдан олдин «Россия Федерациясида қолишни ҳоҳлаган ҳолда Украинага қайтишдан ихтиёрий равишда бош тортгани»ни маълум қилган.

13 октябр куни Украинага 20 ҳарбий қайтарилган, улар орасида россияликлар Донецк области ҳудудидаги Оленивка колониясида ушлаб турганлар ҳам бор эди.

11 октябр куни алмашув доирасида 32 украиналик қайтарилганди.

Сентябр ойида кенг кўламли асирлар алмашинуви орқали Россия 215 нафар украин ҳарбий хизматчиларини қайтарганди, улар орасида кўплаб офицерлар ва Мариуполдаги «Азовстал» ҳимоясида иштирок этганлар бор эди.

Мавзуга оид