11:34 / 19.10.2022
8656

«Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти таъсис этилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мукофот билан тақдирлаш учун номзодлар танлаб олинадиган мезонлар белгиланди: жаҳон миқёсидаги кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаш; ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида намойиш этиб келиш; муносиб ижодий кадрларни тайёрлаш; ижодий асарларда маданият ўзига хослигини акс эттириш; йил давомида ижодий асар оммалашгани ва бошқалар.

Миллий мукофот тўғрисидаги низомда қуйидагилар ҳам назарда тутилган: мукофотга номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби; тақдирлаш маросимини ташкил этиш ва ўтказиш.

Маданият ва санъат соҳасидаги миллий мукофот 20 та номинация бўйича ҳар йили бир марта тақдим этилади. Номзодлар ҳар йили 10 январдан 10 февралгача танлаб олинади, танлаб олинганлар 1 мартгача ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади. Махсус комиссия 10-15 ноябрь кунлари номзодларга оид ҳужжатларни кўриб чиқиб, ҳар бир номинация бўйича энг яхши натижа кўрсатган уч нафар номзодни саралаб олади.

Рўйхат жорий йил 15 декабридан келгуси йил 10 январигача кенг жамоатчилик овоз бериши учун эълон қилинади. Ғолиблар маданият вазири буйруғи асосида тақдирланиши 25 январь куни ташкил этилади. Мукофот миқдори 100 БҲМни ташкил этади.

Top