Ўзбекистон | 07:34 / 20.10.2022
1965
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонда тоғ-кон ва нефт-кимё саноатидаги иштирокини фаоллаштиради

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев АҚШ савдо вазири ўринбосари Мариса Лаго билан учрашди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Мулоқотда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Икки томонлама инвестициявий битимни имзолаш жараёнини тезлаштириш, Америка компаниялари ва молия институтларини Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва нефт-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон-АҚШ икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, икки томонлама маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида транспорт йўлакларини диверсификация қилиш жараёнини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида АҚШ томонидан бошқа услублар қаторида, USAID техник кўмак лойиҳасини амалга ошириш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирилди. Томонлар Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга тезроқ аъзо бўлиши мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид