Жаҳон | 13:36 / 21.10.2022
10343
4 дақиқада ўқилади

ISW: Россиянинг Беларусдан Украинага ҳужум қилиши хавфи паст

Урушни ўрганиш институти Беларусдан Украина шимолига ҳужум қилиш хавфи унчалик катта эмас, деб ҳисоблаяпти. Россия томони Бахмут ҳудудидаги олға силжиш ҳақидаги маълумотларни сохталаштиришда давом этаётган бўлиши мумкин, дея таъкидлайди ISW.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бригада генерали Алексей Громовнинг 20 октябр, пайшанба куни берган огоҳлантиришига қарамай, Россиянинг Беларусдан Украина шимолига ҳужум қилиш хавфи пастлигича қолмоқда. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) сўнгги ҳисоботида айтилади. Громовнинг таъкидлашича, бундай таҳдид эҳтимоли ортиб бормоқда ва рус қўшинлари Ғарб ҳамкор мамлакатлардан таъминот линияларини бузиш учун Украина шимоли-ғарбий қисмига ҳужум қилиши мумкин. 

Россия кучлари ғарбдан қуруқликда ҳужум қилиш орқали Украина таъминот линиялари оқимига ҳатто аралашиш имконига эга эмаслигини ҳисобга олсак, яқин ойларда воқеаларнинг бундай ривожланиш эҳтимоли йўқ, дейди америкалик таҳлилчилар. 

Шарқдан ғарбга энг яқин Украина темирйўл линияси Беларус чегарасидан 30 км узоқликда жойлашган. Шу билан бирга, Украина ва Беларус шимолидаги Припят ботқоқлари Волин ва Ровне областларида халқаро чегара орқали урушни ўта қийинлаштиради, деб ҳисоблайди экспертлар. 

Бундан ташқари, Украина автомобиль ва темирйўл тармоқлари орқали Полша, Руминия, Словакия ва Венгрия билан етарли даражада ўзаро алоқа йўлларига эга. Шу муносабат билан, Россиянинг Беларусдан такроран бостириб кириши Украина логистика линияларига жиддий путур етказа олмайди. Ҳозирда РФ Қуролли кучлари сезиларли даражада заифлашган, дея таъкидлайди ISW. 

Шу билан бирга, 20 октябр куни бўлиб ўтган брифингда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Украина шимолидаги қўшинларни тўсиб қўйиш ҳамда уларнинг жанубий ва шарқий ҳудудларда фаол ҳарбий амалиётлар зонасига жойлаштирилишига йўл қўймаслик учун Беларус чегарада кучни тўплаши мумкинлигини тасдиқлади, дейди таҳлилчилар. 

Бошқа йўналишлардаги динамикани шарҳлар экан, Урушни ўрганиш институти ходимлари, хусусан, Россия, афтидан, Каховка ГЭСга «сохта байроқ» билан амалга ошириладиган ҳужумга тайёргарлик кўришда давом этаётганини таъкидлади. 

Мутахассисларнинг ёзишича, Россия Қуролли кучлари Украина ҳужумини кутиб Днипронинг ғарбий қирғоғидан ҳарбийлар ва оккупацион кучларни олиб чиқиш учун шарт-шароит яратмоқда. 

Оқ уй 20 октябр куни Эрон ҳарбийлари Украина фуқаролик инфратузилмаларига учувчисиз учоқлардан ҳужумлар уюштиришда ёрдам бериш учун Россия томонидан аннексия қилинган Қримда эканини тасдиқлади. Теҳрон янги халқаро санкцияларга қарамай, Россия кучларига ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда, сабаби Москва ёрдамида АҚШ бошчилигидаги дунё тартибини йўқ қилмоқчи, дейди Урушни ўрганиш институти. 

ISW маълумотларига кўра, Россия томони Украина шимоли-шарқида ва жанубида давом этаётган йўқотишлар фонида камида битта секторда муваффақиятга эришиш учун Бахмут минтақасидаги олдинга силжиш ҳақидаги маълумотларни сохталаштиришда давом этаётган бўлиши мумкин. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий-маъмурий муваффақиятсизликлар учун бир-бирини айблашда давом этмоқда. 

Аввалроқ Европарламент Беларус раҳбари Александр Лукашенкони Украинадаги урушда шерик, деб ҳисоблаган эди. Европа депутатлари Лукашенко режимига қарши янги қаттиқ санкциялар пакетини тайёрлашга чақиришди ва агар Беларус ҳукумати Украинага бостириб киришни бошласа, уни дарҳол кучга киритишга тайёр. Ушбу чора-тадбирлар Лукашенконинг Беларусга иттифоқ қўшинларининг минтақавий гуруҳини жойлаштириш ва Беларус Қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини текшириш тўғрисидаги сўнгги баёнотлари фонида эълон қилинди. 

Мавзуга оид