Жамият | 13:05 / 22.10.2022
30921
18 дақиқада ўқилади

“Айбларига кўз юмаман, лекин бепарволигини кечиролмайман” – таҳлика исканжасида яшаётган аёл ҳикояси

Қўрқиб кетдим. Нима қилишимни билмай қалтираб қолдим. Эримнинг юрагидан пичоқни суғуриб олдим, қўлларим қон бўлиб кетди. Хона бир зумда одамлар билан тўлди.

Ўртаҳол оилада катта бўлдим. Йўқчиликниям, тўқчиликниям кўрганман. Болалигим ёмон ўтган деёлмайман. Ота-онам кўнглимизга қараб ўстирганлар. Бизни олий маълумотли бўлишимиз учун бор имкониятларини ишга солганлар. Отам жудаям қаттиққўл, рашкчи бўлган. Ҳар бир қадамимиз ўлчовли эди. Албатта, бизнинг фойдамизни кўзлаганлар. Лекин шундай муҳитда ўсганимиз кўп жойда панд беради, сал ёввойилик характери бор ҳаммамизда. Одамларга қўшилиб кетишимиз бироз қийин кечади. Табиатан тортинчоқ, камгап қизман. Одамлар билан ҳар доим масофа сақлайман.

Атрофимда ошиқларим кўп бўлган. Характерим ва тарбиям сабаб уларни ёнимга яқин йўлатмасдим. Ўқишни битириб вилоятга қайтдим. Ўқитувчи бўлиб ишлай бошладим. Совчиларнинг кети узилмасди, ҳатто совчиларни қайтариш бўйича чемпион деган таърифгаям эга бўлдим. Бу қайсидир маънода тўғридир, лекин ҳақиқат эмас. Аслида совчилар қўни-қўшниларнинг иғволари сабаб қайтиб келишмасди. Кўзойнак тақардим. Бунга катта бир нуқсондек қарашарди. Ўқишга кирганимдан сўнг линза қўйдирганман. Лекин одамлар бир вақтлар кўзойнак таққанимни унутишмасди.

Туҳмат тоши

Ишхонада биринчи туҳмат билан юзлашдим. Ўзимга яқин дўст сифатида кўрган ҳамкасб опам мени совун ўғирлаганликда айблади. Бу ҳаётимдаги биринчи зарба эди. Янги ишга кирган одам жамоада ўғри деган номни орттириши қанчалар ёмон, камига у туҳмат бўлса! Келиб-келиб совун ўғирлайманми? Бунга баъзилар ишонди, баъзилар эса йўқ. Хуллас номим ўғрига чиқди. Дунёда қанчалар разил одамлар борлигига илк бор гувоҳ бўлдим...

Ҳаётимдаги кейинги ноҳақликни эса менга совчи қўйган йигитдан кўрдим. Характери жуда қўпол бўлгани сабаб унга тегмадим. Кўп бора уйдагиларини жўнатди, мен рад этдим. Кейин бошқача йўлга ўтди. Ишхонамга текширувчи бўлиб келиб, айнан мени танқидга олишди ва кўп бора шериклари билан дарсимни назорат қилиб йўқ жойдан камчилик топиб кўпчиликнинг ёнида изза қилишди, йиғлатишди. Ваҳоланки, ҳали ишга кирганимга эндигина бир ой бўлганди. Табиатан камгап бўлганим учун жамоадагилар мени кибрли одамларни менсимасликда айблашарди. Ҳатто келган совчиларга мен ҳақимда шундай таъриф беришарди.

Оилада ҳаммамиз давлат ишида ишлардик. Онам камсуқум аёл бўлгани, дадамнинг изнидан чиқмагани боис қўшнилар билан гаплашиб ўтирмасди. Бунга вақтлари ҳам бўлмасди. Қўшниларнинг турмуши қандай, кимнинг қизи ажрашди, кимнинг уйида уруш бўлди, хуллас ғийбатларга қўшилмасдик. Бу эса келган совчиларга ёмонлаш учун яна бир баҳона бўлди. “Тошкентда ўқиб келган, ким билади у ёқда нима қилиб юрганини...” каби гап-сўзлар оралади. Бу орада онам инсульт бўлиб, бир томонлари ишламай қолди. Ҳар доим ишлаб, одамлар орасида юрган одам бир жойда ётиши жудаям оғир бўларкан.

“Касал келин кимга ҳам керак?”

Кунлар шу зайлда ўтаверди. 30 ёшни қаршиладим, уйдагиларнинг мажбурлашлари ортидан бир йигитга унаштирилдим. Йигит таниқли бир хонанданинг мусиқачиси ҳам тадбиркор эди. Унаштирилган ёшлар қандай бир-бирга талпинишади бизда эса аксинча муносабатлар совуқ эди. Мен уни қўнғироқ қилишини кутардим, албатта. У бўлса бир ҳафтада бир телефон қиларди, СМС ҳам ёзмасди ҳатто. Тўй куни ҳам белгиланди.

Орада соғлиғимда муаммо пайдо бўла бошлади. Белимда кучли оғриқ, текширувлардан грижа бўлиб қолганим аён бўлди. Кўрсатмаган жойимиз қолмади, касаллик шундай авж олдики, ўрнимдан туролмай қолдим. Тўшакка михландим. 4 ой шу тарзда ўтди. Куёв болани эса парвойи палак, эътибор ҳам бермади. Инсон айнан шунақа пайтда атрофидагилардан, яқинларидан меҳр-эътибор кутаркан. Бир умр кутганим, орзу қилганим наҳотки, шунчалар бемеҳр инсон бўлса?!

Гапимиз гапимизга тўғри келмай қолди. Мен унаштирувни бузишга қарор қилдим. Орада ҳар хил гап-сўзлар болалади. “Касал келин кимга ҳам керак? Касалманд, бели оғрийди, эртага фарзандли бўлоладими, йўқми сингари гап-сўзлар ўзимгача етиб келарди”. Аллоҳ инсонни турли хил синовлар билан синаркан. Кимлар ҳақиқий, кимлар сохта дўст эканини кўрсатиб қўяркан.

Қалбим бўм-бўш

Дард берган шифосиниям беради, албатта. Муолажалардан кейин оёққа турдим, ҳаёт йўлида давом этдим. Орадан уч ой ўтди. Оғир кунимда ёнимда туролмаган инсон яна ҳаётимда пайдо бўлди. Салкам олти ой уйга тинмасдан узр сўраб келишди. Табиийки нон қайтганидан уйдагиларнинг бошлари эгилган, келадиган совчилар ҳам унаштирув бузилганини эшитиб йўқ бўлиб қолишарди.

Шунинг учунми уйдагилар инсон хато қилишини, айбини тушуниб келганда эса кечиришни тинмай таъкидлашарди. Менинг эса қалбим бўм-бўш, унга нисбатан ҳеч нарсани ҳис қилмасдим. Қиз бола ожиза бўларкан, яна рози бўлдим.

Тўй ўтди. Турмуш ўртоғимни изнидан чиқмайдиган, итоаткор аёлга айландим. Унга кўнгил қўйдим, балки кўникдим. У тўйдан кейин ҳам бепарволикда давом этди. Биз янги келин-куёв алоҳида яшардик. Эрталабдан кечгача уйда бир ўзим зерикардим, уларнинг келишларини интизорлик билан кутардим. Келганида эса компьютер, телефондан бошини кўтармасди. Ҳатто кечаси бирга ухламасдик, сен киравер, ишларим бор деб бошқа хонада ишлаб ўтирарди.

Бепарволик сўлдираркан...

Тушунишимча, турмуш ўртоғим четдан юк олиб келиб сотарди ва бу билан тунда шуғулланарди. Аёл кишини бепарволик, меҳрсизлик сўлдираркан. Бирга яшасанг-у уни соғинсанг бу қандай азоб... Ҳаммага ўзимни бахтли кўрсатишга ҳаракат қилиб рол ўйнардим.

Қайнонамлар бизга яқин жойда яшарди. Янги келинлигимда бориб хизматларини қилиб келардим. Уларнинг оиласида муҳит бошқа, яъни бирдамлик йўқ, опа-сингиллар бир-бирини ёқтирмайди. Келиннинг эса оилада ўрни йўқ, ҳатто бирга гаплашиб ўтиришмасди. Суҳбатларига қўшилиш учун бир-икки оғиз гапирсам эшитмаганга олишарди. Оилавий муҳокама қиладиган мавзу чиқиб қолса, келинни, яъни мени ташқарига чиқарворишарди.

Дунёвий илм улар учун биринчи даражали эди, диний илмдан эса деярли хабарлари йўқ. Ҳатто намоз ўқишни беҳудага вақт кетказиш деб ҳисоблаб, ўқишимга қаршилик қилишарди. Диний илмдан хабарлари йўқлигининг яна бир исботи хўжайиним мени умуман қизғанмасди, ҳатто уйимизга ҳар хил бегона эркакларни жўнатарди. Мен эса савдолар юзасидан олди-берди қилардим. Ҳатто бегона эркакларга номеримгача берганди.

Бундай муносабатдан йиғлардим, сабаби мени уйимиздаги эркаклар шу инсон учун қанчалар авайлашган, ишга олиб бориб олиб келишарди, ҳатто. Бу эркакнинг ҳаётида балки бошқаси бордир, бўлмаса бу қадар бепарво бўлмасди, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин бу хато, унинг ҳаётида мендан бошқаси йўқ, бунга ишончим комил.

Бу орада улар тўйларгаям чиқмай қўйди, бунга ўзлари қарор қилдиларми ёки жамоадан чиқариб юборишдими, буниси менга қоронғи.

Баъзида улар ўйланиб, сиқилиб кўп уф тортардилар. Сабабини сўрасам умуман айтмасди. Бир кун бехосдан телефонда гаплашаётганларини эшитиб қолдим. Суҳбат асосан пул ҳақида бўлди. Суҳбатдан тушундимки хўжайинимнинг кимдандир қарзи бор. Буни аввалдан хатти-ҳаракатларидан ёнимда телефонда гаплашмай кўчага чиқиб гаплашиб келишидан сезардим, лекин исботим бўлмагани учун ўзимни ўзим яхши бўлишига ишонтирардим. Турмуш ўртоғимнинг ноқонуний иши бўлмасин, Аллоҳ унга инсоф бергин, тўғри йўлдан адаштирмагин, деб дуоларимда тинмай сўрардим.

Бахтли кунларимиз ҳам бўлган

Бир йиллик турмушимиз давомида эрим мен учун икки марта вақт ажратган. Биринчиси, кўзимда жуда қаттиқ оғриқ ҳис қилганимда. Ўшанда кўзимнинг оғриғига чидолмай қолдим. Эрим бепарво юраверди. Телефонлашганимизда отамга кўзим ҳақида айтдим. Шунда куёвига телефон қилиб сизлар Тошкентда бўлсангиз кўрсатинг кўзини. Биз вилоятда туриб нима қилоламиз ҳозир деб гапирган. Эрим отамдан ҳайиқарди. Мени докторга олиб борди. Шифокор текшириб кўзимнинг шохпардаси шикастлангани операция қилмаса кўр бўлиб қолишим мумкинлигини айтди. Шунда эрим қайнонамдан яширинча кўзимни операция қилдириб берди. Бу менга қилган биринчи ва ягона яхшилиги бўлиб қолди.

Иккинчиси эса туғилган кунимда бўлди. Бу турмушга чиққанимдан кейинги биринчи туғилган куним эди. Ҳар йили бу кунни оила даврасида шодиёна билан нишонлардик. Уйимиз қариндош-уруғлар, болаларнинг қий-чуви билан тўлиб кетарди. Биринчи марта таваллуд кунимда бир ўзим, уйда ёлғиз ўтирдим. Кечқурунги тўққизларга яқин эрим ишдан келди. Жуда хафа эдим, лекин сездирмасликка ҳаракат қилдим. Қандайдир мўъжиза билан эрим шу куни мени овқатланишга олиб борди. Икки соат вақтини мен учун ажратди. Аёл киши учун эрининг эътибори нечоғлик муҳим эканини шу куни ҳис қилдим.

Таҳлика ичида яшадим

Бир кун эрим янги ҳамкорларим деб қандайдир одамларни уйга бошлаб келди. Улар билан бирга иш бошлаганини айтиб мени таништирди. Эримнинг ишларига тушунмасдим. Тез-тез йўқолиб қоларди. Баъзида чет давлатларга чиқиб келарди. Қайнонамга бу ҳақида айтсам, эркак киши кўчанинг одами, деб мени койиб берди.

Шундан сўнг Испанияга визам чиқибди, деб нарсаларини йиғиб бир ҳафта йўқ бўлиб кетди. Бу гап қаердан чиқди десам анча бўлганди топшириб қўйганимга энди чиқибди, бориб келмасам бўлмайди, деди-ю кетди. Хуллас эримнинг ана шундай ишлари кўп эди.

Эрим қанча топишини очиғи билмасдим. Чунки уйга пул олиб келмасди. Шахсий эҳтиёжларим учун ота-онам пул беришарди. Эрим ҳатто ўзига кийим олишга ҳам пулни қизғанарди. Унинг кийиниши учун ҳам уйдагиларимдан пул олардим.

Бир куни эрим ва у мен билан таништирган янги ҳамкорлари эшик тақиллатиб келишди. Қулфни очдим-у, хонамга кириб кетдим. Одатда шундай қилардим. Эркаклар олдида тургим келмасди. Уларнинг ошхонага ўтгани, у ерда бақир-чақир бўлганини эшитдим. Югуриб чиқсам эримнинг шериклари у ўзини ўлдирди, қарздан қутулиш учун атайин қилди, деб гапириб чопганча чиқиб кетишди.

Ошхонага борсам эрим ерда ётар, юрагига пичоқ санчилганди. Қўрқиб кетдим. Нима қилишимни билмай қалтираб қолдим. Бориб эримнинг юрагидан пичоқни суғуриб олдим, қўлларим қон бўлиб кетди. Хона бир зумда одамлар билан тўлди. Тез ёрдам эримни шифохонага олиб кетди. Мени эса тергов қилишди. Аввалига мени эрини ўлдирган деб ўйлашди. Стрессга тушиб қолдим.

Кейин маълум бўлишича, эрим ўзига келганидан сўнг айтиб берди, ҳамкорлар унга туҳмат қилишганини, улардан фойдасини сўраса бўйнига бир неча баробар юқори қарз илиб қўйишганини, уйларини номларига ўтказиб беришини бўлмаса хотинини кўз олдида хўрлашларини айтишган. Эрим уларни уйга бошлаб келган ва ошхонада ўз жонига қасд қилган.

Эримнинг аҳволи оғир эди. Менинг аҳволим эримникидан ҳам баттарроқ эди. Мени қайнонам эримнинг олдига қўймади, уйингизга бориб даволаниб келинг, ҳозир унга қаролмайсиз деб, онамникига жўнатиб юборди. Қизлик уйимда бир муддат даволаниб эримнинг олдига қайтдим.

Қайнонам эримга хотининг сени ташлаб кетиб қолди. Кўрдингми, унга оғир дамда керакмассан, фақат пулинг керак дебди. Шусиз ҳам совуқ турмушимиз баттар музлади. Менга эрим пул сарф қилмаса, қандай унинг пули учун олдида бўлади деб ўйлаши мумкин?   

Турмуш ўртоғимнинг оила аъзолари учун пул қадрли, ноёб нарса. Бунга кўп бор амин бўлдим. Ҳатто биласизми опа-акалари бу ишлар бўлгандан кейин мулкларни ўзларининг номига ўтказиб олишибди. Улар учун ўғли қамалса қамалсин мулклар кетмасин, шунақа фикр бор экан.

Эрим аҳволим оғир даволанмасам бўлмайди деб вилоятга қочиб келди. Қайнонам ҳар доимгидек сизнинг онангиз ёш, мен сизга қарашга ҳолим йўқ. Бизга шунча қарадингиз, ош-овқатимиздан хабардор бўлдингиз, раҳмат сизга. Энди бориб ўзингиз ҳам даволаниб келинг, ўзимиз бориб олиб келамиз, деб мени онамникига жўнатиб юборди.

Келиб телефон қилсам ҳеч ким олмади. На эрим, на қайнонам, қайнопаларим ҳам кўтаришмади. Кейин хабар ёздим. Бир ҳафта ўтди ҳамки дом-дарак бўлмади. Бир ой кутдим на хат, на хабар бўлди. Бир ойдан сўнг отам, опам ва мен келинлик уйимга бордик. Эрим ақалли ўрнидан туришга ярамади. Отамга салом ҳам бермади.

Маълум бўлишича, вилоятга келганимиздан сўнг ишлар чуқурлашган, эримнинг яна бошқа қарзлари ҳам чиқиб келган. Хабар топиб одамларга айтиб қўймаслигим учун уйимга жўнатиб юборишган. Танишлари менга телефон қилиб ҳақиқатни айтиб қўйиши мумкинлигини хаёлларига келтиришмаган бўлса керак...

Оилада муҳит яхшимас. Улар дадасиниям тан олмайди. Доим ёмонлагани ёмонлаган. У одам бўлса инсульт бўлган, ювошгина қария. Мен қайнонамни айбдор деб биламан. У уларни шунақа қилиб тарбиялаган. Оилада отанинг ўрни йўқ.

Эшитишим бўйича ҳозир шу ерда аяси билан, тергов бўлганда бориб келиб қолган пайт уйда экан. Мен қийналяпман, биласизми нимадан? Бир йил яшаб унинг учун заррачаям қадрим бўлмаганидан. Наҳот инсон хотинини соғинмаса, ҳаёти қанақа кечаётгани билан қизиқмаса?

Мен қўлимдан келганча курашдим, аммо қарс икки қўлдан чиқар экан. Оиланинг оила бўлиши учун эр-хотин бирдек ҳаракат қилмаса бўлмас экан. Мен эримнинг ҳеч нимаси бўлмаган тақдирда ҳам адашган деб кечириб яшардим. Лекин орадан қанча вақт ўтди..  Ундан ҳамон дарак йўқ... Буни кечиролмайман. Ажрашиш учун ариза бермоқчиман, миямдаги саволлардан жуда чарчадим. Тўғри қиляпманми, шундай инсон билан ҳаётни давом эттириш мумкинми?

Ҳаёт давом этади

Шаҳноза Жумақулова, психолог:

Аввало бир тўхтамга келиб олинг, яшасам ҳаётим қанақа бўлади ва яшамасам нима бўлади?

Иккита ҳолат бўйича яхши ва салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган бир қатор сабабларни бир қоғозга ёзиб чиқинг. Шунда бир қарорга келишингиз осон бўлади.

Оила бузилмаслиги учун яна бир марта имкон бермоқчи бўлсангиз, турмуш ўртоғингизни қисқа суҳбатга чақиринг. Суҳбат давомида ўтган ишларни қайтадан муҳокама қилиш шарт эмас. Аниқ мақсадга ўтинг:

1. Оилани тиклаш нияти бор-йўқлигини билинг.

2. Оиланинг ҳимояси, хотиржамлиги учун қарзларни тўлагандан кейин муносабатни давом эттириш тўғрилигини айтинг.

3. Яна шу ҳолатга тушмаслик ва оиланинг иқтисодий таъминотини барқарорлаштириш учун ҳам бир иш бошини тутиши яхши бўлишини тушунтириб кетинг.

Турмуш ўртоғингиз “бола” позициясида фикрловчи инсон, оила масъулияти, ҳимояси тушунчасидан узоқ.

Қачонки, қарзларидан қутулиб тайинли ишда ишлаб, сизнинг ҳимоянгизни зиммасига олгандагина вояга етган инсон позициясига ўтади.

Доимий қарздорликда юриб, атрофни алдаш ҳисобига кун ўтказувчи инсонларни, психологлар “гипертимлар” психотипига қўшишади.

Улар масъулият тушунчаси ва жараённинг оқибатлари нималарга олиб келиши ҳақидаги тўғри тушунчалардан узоқ бўлишади. Жамиятдаги, оиладаги мажбуриятларини ҳис қилишмайди. Ишончга кириш бўйича роль ўйнашдаги харизмада уларга тенг келадигани йўқ. Доимий ички депрессияда юришади. Қарз олишганида ҳам ўзларини бугунги кунлари учун ўйламай сарфлашади. Орзусидаги нореал дунёда яшашади.

Қарздорликнинг охири ёмонлигини билишса-да, қанчалик бошлари урилса ҳам яна шу ишида давом этаверишади. Тормоз ва меъёр принципларини билишмайди. Бундай инсонлар бир қарзни иккинчиси билан қоплаб кетаверишади. Қарабсизки, ўзларини бу хулқдан тўхтата олмайди. Бу уларнинг ҳаёт тарзига айланиб қолади.

Шундай экан, сиз турмуш ўртоғингизни бу ҳолатидан чиқишга қутқарувчи бўлолмайсиз. Токи вазиятни жиддий қабул қилиб, ўзини қўлга олмагунча.

Агар икки тараф ҳам адекват дўстона бир-бирларингизга бу шартлар маъқул бўлса, вазиятни чуқурлаштирмасдан, яна қайтараман, токи натижа бўлгачгина яна бирга оилани тиклашни мақсад қилинглар.

Турмуш ўртоғингизнинг қарзлари бўйича сизни ҳар хил инсонлар безовта қилса, бу ишга алоқангиз йўқлигини айтинг, таҳдид қилишса, қонун доирасида иш кўришингизни айтиб, қонун билан ўзингизни ҳимоя қилинг.

Ушбу вазиятда, яқинларингизнинг ёнида бўлишингиз ўз соғлиғингиз учун яхши. Агар бунақа криминал ҳолатларда турмуш ўртоғингиз билан бир уйда туришингиз ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан сизга зарба бўлади.

Суд ажрашишга вақт беради. Шу вақт мобайнида ҳам иш натижа бермаса, бундай ҳолатда қайтадан янги мақсадлар билан олдинга ҳаракат қилишга интилинг.

Ҳаёт давом этади. Ўзингизни қўлга олинг, танангиз соғ ақлингиз теран, яхши тарбия олган инсонсиз. Мақсад қўйинг, режа тузинг, имкониятингиздан келиб чиққан ҳолда ўз устингизда ишланг. Соғлом руҳий ҳолатдагина, соғлом фикрлай оласиз ва тўғри қарор чиқарасиз.

Ушбу вазиятингизда психолог қабулига боришингизни маслаҳат бераман. Ҳозирги депрессия ҳолатидан чиқишингизда ва кейин аниқ бир қарорга келишингизда мутахассис маслаҳати сиз учун зарур.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид