Айнан мана шу қатъият масаласида юртдошларимиз кўп хато қилиб қўйишади. Тўғрироғи, етти эмас, етмиш ўлчаб юбориб, яхши имкониятларни йўққа чиқаришади. Бугун ана шу хатолар ҳақида оддий тилда ҳикоя қиламиз.
“Шошмай турайлик-чи...”
Охирги ўн йилликларда жуда кўпчиликни чалғитган, мақсадни узоқлаштирган позиция. Мисол учун, кўп инсонлар бор, 20 минг доллар тўплаган, лекин энг арзон уй (дейлик) 25 минг доллар (эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кўчмас мулк хариди асосан АҚШ долларида амалга оширилади). Қарз олишни истамайди, бунинг устига 25 минг долларлик уйни ёқтирмайди, ҳатто писанд қилмайди ва камида 30 мингдан ортиқ уйларга ҳавас қилади.
“Шошмай турайлик-чи” позициясига ўтилиши, қолган пулни тўплаш ният қилиниши билан ютқизиш бошланади. Тенденция шундайки, уй нархи ошаверади; 30 минг тўплангунча 25 минглик уйлар 35 минг долларга чиқиб кетади. Йиғилган пул қадрини анча йўқотади. Ҳам вақтдан, ҳам нархдан ютқазилади.
Маслаҳат шуки, уйнинг маъқул қисмини тўпладингизми, дадил қарз олинг. Ишонинг, ҳатто уй нархи тушиб кетсаям, зарар қилмайсиз. Чунки ўз уйида яшаган одамнинг топганига барака беради, қарздан ҳам тез қутуласиз.
Энг муҳими – имкониятингизга ярашасини олиб туриб, қолганига яна йиғинсангиз, ҳеч қачон ютқазмайсиз. Яъни бор пулингизга харид қилиб турсангиз, келажакда кенгайтириб олиш дастлабкисини олиш каби қийин кечмайди.
“Таъмирсиз бўлсаям, арзон бўлсин”
Миллатдошларимиз шу гапни айтишни жуда яхши кўришади. Негадир таъмирсиз уй жуда арзон бўлишига, ўзи таъмирлаши ҳисобига анча маблағ тежаб қолишига ишонишади. Яхши таъмирланган уйни кўрсатиб: “Мана шу уй таъмирига 5 минг доллар сарфланган, шунинг ҳисобига нархи 40 минг. Лекин сиз 2-3 минг ютаман деб таъмирсизини қидиряпсиз. Ундай уйни олганингиздан кейин 5 минг билан ҳам таъмирлай олмайсиз, камига 2-3 ой овора бўласиз. 2-3 ойлик ижара пулиям 500-600 доллар бўлиб қолади, бу томондан ҳам ютқазасиз” дейилса ҳам бефойда.
Бугунги кунда битта уйни тўлиқ таъмирлаш анчагина қимматга тушади. Камида 3-4 ва ундан ортиқ хонадонни узлуксиз таъмирлаш орқалигина таннархни камайтириш мумкин. Қолаверса, мунтазам шуғулланиб юрмаган одам бўлса, жуда кўп овора бўлади, ортиқча харажат қилади. Шунинг учун таъмирсиз уйни атайлаб қидиришни, ўзи таъмирлаб олиш орқали бу хариддан нимадир ютишни ўйлашни тавсия қилмаймиз. Жуда қийин режа бу.












