13:32 / 27.10.2022
12910

ISW: Путин Украина билан музокаралар олиб боришдан манфаатдор эмас

Россия президентининг риторикасига кўра, Путин Украина билан жиддий музокаралар олиб боришдан манфаатдор эмас ва урушни давом эттириш орқали ҳамон максималистик мақсадларни кўзламоқда, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) 26 октябр кунги ҳисоботида. 

Фото: РИА Новости

Шу куни МДҲ давлатларининг хавфсизлик ва разведка идоралари раҳбарлари билан учрашган Путин Украина «ўз суверенитетини йўқотганини» ва Қўшма Штатлар ундан Россия Федерациясига, Россия-Беларус иттифоқ давлатига, КХШТ ва МДҲга қарши «куч сифатида фойдаланаётганини» айтди

Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин 26 октябр куни «Украина давлат сифатида мавжуд бўлиш қобилиятини йўқотгани», «НАТО томонидан босиб олингани» ва «АҚШ мустамлакаси бўлиб қолгани» тўғрисида маълум қилиб, бу нарративни кенгайтирди. 

Бундай позиция сулҳ бўйича тенг шартлар асосида олиб бориладиган музокараларга мос келмайди, можарони ҳал этиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, дейди ISW таҳлилчилари. 

Уларнинг фикрича, Кремль ҳамон Украинада ҳарбий ғалаба, Киевда эса россияпараст режимга ўтишни истамоқда. 

Аввалроқ Россия душманнинг ядровий зарбасига жавобан йирик ядровий зарба бериш бўйича машғулотлар ўтказгани, Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилгани хабар берилганди.

Қайд этилишича, машғулотларни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин шахсан кузатиб борган. 

«Камчаткадаги Кура полигонида Плесецк давлат синов космодромидан «Ярс» қитъалараро баллистик ракетаси ва Баренц денгизидан «Синева» баллистик ракетаси учирилди. Ҳаводан учириладиган қанотли ракеталарни учирувчи узоқ масофали Ту-95МС самолётлари ҳам вазифаларга жалб қилинган», - дейилади Кремль веб-сайтида.

Кремль матбуот хизмати маълумотларига кўра, стратегик тийиб турувчи кучларни тайёрлаш бўйича топшириқлар тўлиқ бажарилган, барча ракеталар белгиланган хусусиятларни тасдиқлаган ҳолда нишонга етиб борган.

Top