17:05 / 27.10.2022
13366

Россия ғарбнинг тижорат сунъий йўлдошларини уриб тушириш билан таҳдид қилди

АҚШ ва бошқа ғарб давлатларининг Украинага урушда ёрдам бериш учун фойдаланилган тижорат сунъий йўлдошлари «квази-фуқаролик инфратузилмаси» ва «қонуний нишон»дир, деди Россия вакили БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида.

Фото: AP

Россия, агар улар Украинага урушда ёрдам бериш учун фойдаланилса, АҚШ ва бошқа ғарб давлатларининг тижорат йўлдошларига зарба бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу сунъий йўлдошлар «квази-фуқаролик инфратузилмаси» бўлиб, шунинг учун «жавоб зарбаси учун қонуний нишонга айланиши мумкин», деди Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Ядро қуролларини тарқатмаслик ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Константин Воронцов БМТ Бош Ассамблеясининг қуролсизланиш бўйича қўмитаси йиғилишида. Бу ҳақда 26 октябр, чоршанба куни чоп этилган БМТ пресс-релизида маълум бўлди.

Бундан ташқари, Воронцов Қўшма Штатлар бошчилигидаги ғарб давлатларини гўёки «космосдан ўзларининг ҳукмронлигини таъминлаш учун ҳарбий мақсадларда фойдаланиш, тинчлик ва хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиш» ва космосни можаро зонаси сифатида кўришда айблади. 

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Украина фуқаролик нишонларига ҳужумлар бошланганидан сўнг, уруш зонасида ишлайдиган ягона алоқа тизими Starlink бўлиб, у кўплаб сунъий йўлдошлар ёрдамида сигнал бераётганди. Украинага Starlink сунъий йўлдошларини етказиб берувчи SpaceX асосчиси Илон Маск Россия армияси бу тизимни ҳам йўқ қилишга уринаётганини таъкидлади.

Defence News журналига кўра, Украина ҳарбийларига ёрдам бериш учун бошқа тижорат компаниялари, жумладан Maxar, Planet ва BlackSky сунъий йўлдошларидан ҳам фойдаланилмоқда. НАТОнинг таҳлил маркази - Атлантика кенгаши август ойида Россия ўчириб қўйиш ва киберҳужумлар ёрдамида уларнинг ишига аралашаётганига ишора қилди. 

Top