Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мирзо Улуғбек» илмий сунъий йўлдоши 2028 йилда учирилиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев коинотга сунъий йўлдош учириш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий-илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. 2028 йилда «Мирзо Улуғбек» номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тақдимотда таъкидланишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда масофадан зондлаш маълумотларига талаб 3 карра ошган, ҳозир космик мониторинг билан 10 дан зиёд давлат идоралари ва барча ҳокимликлар ишламоқда.
– Энг муҳими, космик маълумотлар орқали биз “кўз билан кўриб бўлмайдиган” иқтисодий имкониятларни аниқлаб, уларни реал даромад манбаига айлантиряпмиз. Бу давлат ресурсларини бошқариш механизми ва маданияти ўзгараётганидан далолат, – деди президент.
Шу билан бирга, космик соҳада узоқ муддатли ва барқарор миллий тизим – сунъий йўлдошларни бошқариш, маълумотларни қайта ишлаш ва улардан амалиётда фойдаланиш инфратузилмасини шакллантириш муҳим экани қайд этилди. Бундан мақсад суверен ва объектив маълумотлар манбаига эга бўлишидир.

Қайд қилинишича, хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, сунъий йўлдошнинг аниқлиги ва фойдали юкламасига доир техник талаблар аниқланган.
Тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028 йилда «Мирзо Улуғбек» номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинди.
Тақдимот якунида Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдош лойиҳалари бўйича ҳисоб-китоб ҳамда амалий таклифларни пухта ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мавзуга оид
18:30
Биринчи миллий космонавтни қисқа муддатли парвозга тайёрлаш таклиф қилинди
17:47
Педофилия учун умрбод қамоқ жазоси давлат дастурида тасдиқланди
17:38
Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурини тасдиқлади
10:02