11:49 / 27.10.2022
2673

Япония Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантиришда янги технологияларни жорий этмоқчи

Япониянинг Toyota Tsusho Corporation ва «Ўзбектелеком» АК ўртасида умумий қиймати 150 миллион доллардан зиёд миқдоридаги шартнома имзоланди.

Фото: Dunyo

АКТ ҳафталиги доирасида вазир Шерзод Шерматов Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги Глобал стратегиялар бюроси юош директори ўринбосари Юкио Терамура ҳамда Япониянинг Toyota Tsusho Corporation, NEC ва IIJ компаниялари вакиллари билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар, шериклик янги йўналишлари ҳамда АКТ соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир доирасида Toyota Tsusho Corporation ҳамда «Ўзбектелеком» АК ўртасида умумий қиймати 150 миллион доллардан ортиқ миқдоридаги шартнома имзоланди.

Япония томони IT соҳасини ривожлантиришда янги технологияларни Ўзбекистонда жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Томонлар келгусида нафақат телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, балки бугунги кунда долзарб бўлган, бир қанча ишчи ўринлари яратилишини кўзда тутувчи IT хизматлар аутсорсинги – BPO хизматларини ривожлантириш йўналишида япон компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувга эришди.

Top