15:44 / 28.10.2022
4063

Илҳом Маҳкамов: Аҳолининг талабидан келиб чиқсак, темирйўл, авто ҳамда ҳаво йўллари транспортида бераётган таклифимиз анча камроқ 

Сўнгги вақтларда “Афросиёб” тез юрар поезди учун яқин бир ойга ҳам билет топилмай қолди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг айтишича, берилаётган таклиф аҳоли таклифини қондира олмаяпти. Одамлар темирйўллар хизматидан норози. 

Вазирнинг таъкидлашича, аҳоли орасида ички туризмдан фойдаланиш ва зиёратларга бориш хоҳиши тобора ортиб бораётгани учун берилаётган таклиф одамлар талабини қондира олмаяпти.

“Аҳолининг талабидан келиб чиқсак, бизнинг темирйўл, авто ҳамда ҳаво йўллари транспортида бераётган таклифимиз анча камроқ бўлмоқда.  

Бунинг балансини қилдик, туризмни ривожлантириш бўйича ўтказилган охирги йиғилишда ҳам президент топшириқларини олганмиз. Шундан кейин водийдан воҳа вилоятлари, яъни Самарқанд, Бухоро, Урганчга қараб юрадиган темирйўл қатновларини 2 баравар кўпайтирдик. Буни, албатта етарли деб бўлмайди, биз кейинчалик бу талабларни қондириш имкониятига эга бўламиз.

Шу билан бирга, темирйўл хизмати бўйича ҳам аҳолида кўплаб шикоятлар келиб тушган эди. Шунинг учун хизмат кўрсатиладиган барча инвентарлар янгисига алмаштирилиб, шароитлар яратилди. Албатта, биз бир ҳафта, бир ой ичида янги вагон ёки поезд сотиб олиш имкониятига эга эмасмиз. Аммо элементар даражада пул сарфланиши талаб этилмайдиган шароитларни яратиб беряпмиз.

Яна бир маротаба айтаман, бу билан бутун бошли Ўзбекистон фуқароларининг талабини тўлиқ қондира олдик дея олмайман”, – деди Илҳом Маҳкамов

Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раиси Ҳуснитдин Ҳосилов 3 ойда темирйўллари соҳасида ўзгариш қилолмаса ишдан олиниши айтилганди.

Шу йил 19 сентябр куни Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселекторда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Ҳуснитдин Ҳосилов 3 ой тизимида ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида қатъий огоҳлантирилган эди. Ўшанда туризм масалаларига бағишланган йиғилишда «Тошкент-Самарқанд» ва «Тошкент-Андижон» йўналишларида автомобилда йўловчи ташиш вақти ўртача 1-1,5 соатга кўпайгани, лекин темирйўл ва авиақатновлар сони ҳамда сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилганди.

Президентнинг навбатдаги қарори билан Ҳосилов яна бир маротаба огоҳлантириш олган. Қолаверса, ҳужжат билан яна бир қанча мансабдор шахслар, хусусан, Сув хўжалиги вазири Шавкат Қамраев, Автомобил йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ҳамда Корақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига огоҳлантириш берилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси бир ой ҳисобида иккита огоҳлантириш ва битта хайфсан олган.  

Top