Жамият | 16:23 / 28.10.2022
16208
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича ҳайъати раиси ишдан олингани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Қайд этилишича, Судьялар олий кенгаши томонидан судлов ҳайъатига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган. Айни пайтда ҳайъат аъзоларига нисбатан қандай интизомий жазо қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати Тошкент вилояти иқтисодий судлов ҳайъати раиси вазифасидан озод этилганига оид интернетда тарқалган хабарларга изоҳ берди. Шунингдек, баёнотда Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 20 млрд сўм солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори апелляция инстанциясида бекор қилиниб, иш юритиш тугатилгани ҳақидаги иддаоларга ҳам аниқлик киритилган.

Таъкидланишича, Зангиота туманлараро иқтисодий судининг “Н” МЧЖдан 20 млрд сўмдан кўпроқ қўшимча ҳисобланган солиқ тўловларини ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори Тошкент вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатида бекор қилинган. Бироқ интернетда ёзилганидек, иш юритиш тугатилмаган, балки даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

“Яна бир аниқликки, вилоят судининг мазкур қарори Олий суд томонидан бекор қилиниб, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.

Шу жараёнда Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига нисбатан хусусий ажрим чиқарилиши ортидан хизмат текшируви ўтказилган.

Ўтказилган хизмат текшируви натижасидан келиб чиқиб, интизомий жазо қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади кенгаш матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий ахборотда.

Аввалроқ Тошкент туманлараро иқтисодий судининг бир нафар ва Зангиота туманлараро иқтисодий судининг икки нафар собиқ судьялари жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани маълум бўлганди.

Тошкентда ноқонуний эгалланган ер участкалари бўйича ишларни манфаатдорлар фойдасига ҳал қилиб берганликда гумонланаётган икки судья устидан жиноят иши очилганди.

2021 йилда 220 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган бўлиб, шундан 19 нафари вазифасидан бўшатилган.

Мавзуга оид