Жаҳон | 08:23 / 28.10.2022
8662
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳарбий бюджет харажатларини 10,5 миллиард еврога оширди

Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбий харажатларни 386,9 миллиард гривнага (10,5 миллиард евро) оширишни назарда тутувчи мамлакатнинг 2022 йилги бюджетига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар берилди Олий Рада сайтида. 

Фото: AP

Ҳужжатга кўра, қўшимча маблағларнинг асосий қисми Мудофаа вазирлигига йўналтирилади – 365,2 миллиард гривна (9,9 миллиард евро). 

«Давлат бюджетининг умумий жамғармаси бўйича қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида давлат ички қарзлари кўпайтирилди ва шунга мос равишда 2022 йил 31 декабрь ҳолатига давлат қарзининг максимал миқдори оширилди», — дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, бундай қонуннинг амалга оширилиши «миллий хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳамда Россия Федерациясининг Украинага қарши қуролли тажовузини қайтариш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга, давлатнинг ҳарбий хизматчиларга ўз вақтида ва тўлиқ моддий ёрдам тўлаш мажбуриятларини бажаришга имкон беради.

Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбий ҳолат шароитида тизимли банкларни миллийлаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади. 

Янги қоида Молия вазирлигига Россия Федерациясининг ҳарбий тажовузкорлиги натижасида юзага келган асослар бўйича Украина Миллий банкининг таклифига биноан тизимли аҳамиятга эга банкларни бозордан олиб чиқиш ҳуқуқини беради. 

Миллийлаштириш банкни тўловга лаёқатсиз деб таснифлаш тартибида амалга оширилади, лекин давлатдан қўшимча капиталлаштиришни талаб қилмайди.

Мавзуга оид