Жаҳон | 13:54 / 28.10.2022
4328
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи: Россияликлар Европада деярли 31 мингта компанияга эга

Еврокомиссия маълумотларига кўра, Россия фуқароларининг Европа мамлакатларидаги тадбиркорлик фаолиятининг асосий йўналишлари кўчмас мулк, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, шунингдек, энергетика ва молия ҳисобланади.

Санкцияларга қарамай, Россия фуқаролари Европа Иттифоқи мамлакатларида тадбиркорлик билан фаол шуғулланишда давом этмоқда. 28 октябр, жума куни Европа Комиссиясининг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хатарлари ҳақидаги ҳисоботида эълон қилинган тадқиқотга кўра, россияликлар Европада 31 мингга яқин компанияга эга.

Ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда айтилишича, уларнинг Европа Иттифоқидаги тадбиркорлик фаолияти асосий йўналишлари қурилиш, кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси, шунингдек, энергетика ва молия соҳасидаги бизнесдир. 

Европа Комиссиясининг ҳисоботи Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европа Парламентига юборилади. Россиянинг Украинага қарши урушига бағишланган бобда санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг активларини музлатиш бўйича Европа Иттифоқи чораларини тўғри амалга ошириш иқтисодий мулкнинг шаффофлиги бўйича кўрсатмалар самарали бажарилишини талаб қилиши таъкидланади. Бундан ташқари, ЕК маълумотлар алмашинувини яхшилашни, шунингдек, солиқ органларига молиявий активларни «мутаносиб» аниқлаш ва мониторингини юритишни тавсия қилади. 

Ҳужжатда таъкидланишича, фирмаларни яратиш ва рўйхатдан ўтказиш ҳали ҳам нисбатан содда процедура бўлиб қолмоқда, бундай фирмалар «шаффоф бўлмаган операциялар орқали юзлаб миллион евроларни ўтказиш» учун ишлатилиши мумкин. Уларнинг ёрдами билан жиноятчилар нафақат пулнинг келиб чиқиши ва уларни ўтказиш жойини, балки ҳақиқий бенефициарларнинг исмларини ҳам яширишлари мумкин. Шу боис, яширин молия ҳам шахсий бойлик учун, ҳам бутун мамлакатларни беқарорлаштириш учун ишлатилиши мумкин, дейилади Европа Комиссияси ҳисоботида.

Ушбу ҳужжатга кўра, Европа Иттифоқидаги тахминан 31 минг компания Россия фуқароларига тегишли бўлса, камида 1400 таси Европа Иттифоқи яқинда санкциялар киритган шахсларга тегишли. Хусусан, гап 33 киши ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, айрим россиялик олигархлар ўз мол-мулкини яшириш мақсадида уни ёки назорат қилиш ҳуқуқини учинчи мамлакатларда рўйхатдан ўтган фирибгар компанияларга ёки маҳаллий номинал шерикларга топшириши мумкинлиги таъкидланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид