Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия дронлар ҳужумидан кейин «ғалла битими»дан чиқади
Россия Украина ғалласи Қора денгиз бўйлаб экспорт қилинишини назарда тутувчи «ғалла битими»даги иштирокини тўхтатади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Бундай қарор Украина қуролли кучларининг Севастополдаги кемаларга дронлар ёрдамида ҳужум уюштирганидан кейин қабул қилинди.
Мудофаа вазирлиги талқинига кўра, ҳужум қилинган кемалар «ғалла йўлаги» хавфсизлигини таъминлашда ҳам иштирок этган.
«Қора денгиз флоти кемаларига ва фуқаролик кемаларига қарши амалга оширилган террорчилик ҳаракатини ҳисобга олиб, Россия томони Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларни амалга оширишда иштирок этишни тўхтатади», дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Мудофаа вазирлиги хабарида Россиянинг келишувдаги иштирокини тиклаш шартлари эълон қилинмаган.
Украина ҳудудига бостириб киргандан сўнг, Россия Қора денгиздаги Украина портларини тўсиб қўйди, улар орқали мамлакат экспортининг муҳим қисми амалга оширилар эди.
«Ғалла бўйича битим» 22 июл куни Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ томонидан имзоланган эди. Шартнома Украинанинг дони, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларини Қора денгиз орқали учта портдан, жумладан Одессадан ҳам экспорт қилишни назарда тутади.