Жаҳон | 12:34 / 29.10.2022
13640
2 дақиқада ўқилади

Украина: Россиянинг жанговар йўқотишлари 70 минг кишидан ошди

Украинага ҳарбий ҳужум бошланганидан бери Россия аллақачон жангларда 70 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларини йўқотди, дея маълум қилди Украина Қуролли кучлари Бош штаби. 

Фото: AFP

Унинг сўнгги маълумотларига кўра, 24 февралдан бери Россия Федерацияси қуролли кучларининг умумий жанговар йўқотишлари тахминан 70 250 кишини ташкил қилди.

Бундан ташқари, Россия 2659 та танк, 5401 та зирҳли жанговар машиналар 1708 та артиллерия тизимлари ва 380 та ялпи ўт очиш реактив тизимларидан маҳрум бўлган.

Украина эълон қилган маълумотларга кўра, россияликлар 195 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, 273 та самолёт, 252 та вертолёт, 1406 та операцион-тактик даражадаги учувчисиз учоқлар, 352 та қанотли ракеталар, 16 кемалар ва қайиқлар, 4107 та автомобиль ускуналари ва юк машиналари ҳамда 152 та махсус техникани йўқотди.

Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбий харажатларни 386,9 миллиард гривнага (10,5 миллиард евро) оширишни назарда тутувчи мамлакатнинг 2022 йилги бюджетига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди.

Ҳужжатга кўра, қўшимча маблағларнинг асосий қисми Мудофаа вазирлигига йўналтирилади – 365,2 миллиард гривна (9,9 миллиард евро). 

«Давлат бюджетининг умумий жамғармаси бўйича қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида давлат ички қарзлари кўпайтирилди ва шунга мос равишда 2022 йил 31 декабрь ҳолатига давлат қарзининг максимал миқдори оширилди», — дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, бундай қонуннинг амалга оширилиши «миллий хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳамда Россия Федерациясининг Украинага қарши қуролли тажовузини қайтариш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга, давлатнинг ҳарбий хизматчиларга ўз вақтида ва тўлиқ моддий ёрдам тўлаш мажбуриятларини бажаришга имкон беради.

Мавзуга оид