Ўзбекистон | 17:02 / 31.10.2022
14311
2 дақиқада ўқилади

1-синф ўқувчиларига берилган минглаб контрафакт сумкалар алмаштирилди

Балиқчи туманидаги тадбиркор хорижий брендларнинг логотипидан фойдаланиб, контрафакт сумкалар ишлаб чиқарган. 3974 та сумка Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” деб берилган. Адлия вазирлиги тадбиркорни жаримага торттирди, ўқувчиларга бошқа сумкалар берилди.

Фото: Адлия вазирлиги

Kun.uz сентябр ойи бошида Андижон вилоятида 1-синфга борган айрим қизалоқларга “Президент совғаси” сифатида қоп-қора рюкзаклар берилгани ҳақида ёзган эди. Бу сумкалар устига Gucci, Fila, Nike каби хорижий брендлар логотипи туширилган эди.

Адлия вазирлиги ахборотига кўра, бундай ҳолат нафақат Андижон, Фарғона вилоятида ҳам кузатилган.

Аниқланишича, Балиқчи туманида фаолият юритувчи “H.P.O.” хусусий корхонасига тегишли ишлаб чиқариш объектларида давлат рўйхатидан ўтказилган хорижий товар белгилари, жумладан “Gucci”, “Fila”, “Nike”, “Adidas”, “Hello Kitty” каби контрафакт ўқувчилар сумкаларини ишлаб чиқарилган ҳамда “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасасининг шартномасига асосан Андижон ва Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчиларига тарқатилган.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлиги ҳолат юзасидан корхонага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштириб, жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судига юборган. Суд қарорига мувофиқ, ҳуқуқбузар БҲМнинг 15 баробари миқдорида (4,5 млн сўм) жаримага тортилган.

Вазирлик тақдимномасига асосан, 3974 та контрафакт сумкалар ўқувчилардан қайтариб олиниб, сифатли ўқувчилар сумкаларига алмаштириб берилди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид