Ўзбекистон | 09:11 / 31.10.2022
3284
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Қозоғистондаги давлат харидларида иштирок этишни бошлайди

Ўзбекистон ҳукумат делегацияси ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Остона шаҳрида Қозоғистон ҳукумат аъзолари, асосий вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Фото: Dunyo

Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида ўзаро шериклик йўналишлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқлик билдирилди.

Қозоғистон бош вазири биринчи ўринбосари Роман Скляр билан энергетика, машинасозлик, тўқимачилик тармоғи, саноат кооперацияси, тоғ-кон саноати, трансчегаравий сув ҳавзаларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро саноат кооперацияси марказини (ХСКМ) ташкил этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, Қозоғистонга юқори даражадаги ташриф якунлари бўйича «Йўл харитаси» билан тасдиқланган умумий қиймати 3,3 миллиард долларлик 34 та лойиҳа ва 37 та янги 2,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида лойиҳалар техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва келгусида ҳаётга жорий қилиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини ХСКМ ҳудудида жойлаштириш юзасидан ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Бош вазир ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин билан суҳбатда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, трансчегаравий ва минтақавий транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Қозоғистондаги давлат харидларида иштирок этиши, икки мамлакат экспортёрлари томонидан гўшт ва гўшт маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни соддалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид