Жамият | 23:30 / 31.10.2022
18377
6 дақиқада ўқилади

Қўлсиз балерина Instagram’ни забт этди

“Уйимиз ёнида ғалати одамлар тез-тез йиғилиб, қизим билан сайрга чиқишимни кутишарди. Қизим улар учун цирк маймунига ўхшарди, ҳатто енгини очиб кўрадиганлар ҳам бўларди”, деб эслайди Ванда Буэно.

Имконияти чекланган тушунчаси нисбий, назаримда. Инсоннинг мияси ишлаб, юраги уриб турар экан, унинг имкониятини чеклаб бўлмайди. Бразилиялик 17 яшар Витория ҳам атрофдагилар наздида имконияти чекланган эди...

Бола қўлсиз туғилади

Буэно ҳомиладорлик пайтида генетик аномалия ҳақида огоҳлантирилган. Генетик аномалия - ген ва хромосома мутациялари натижасида вужудга келадиган морфофункционал бузилиш. Ген мутациялари онтогенезнинг турли босқичларида органлар ва тўқималар морфогенезини бузиши мумкин. Ҳужайралардаги хромосомалар сони ёки уларнинг тузилиши ўзгариши одатда эмбрион ривожланишининг тўхташига ёки жиддий нуқсонлари бўлган шахснинг туғилишига, репродуктив функциялар бузилишига олиб келади.

Aёл ҳаммасини тақдир измига топширади. Агар туғилиши керак бўлса, уни бор нуқсони билан қабул қилишини, нима бўлган тақдирда ҳам фарзандига меҳр бериб катта қилишини айтади. Лекин вужудида уриб турган митти юракчадан воз кечмайди.

“Уйимиз ёнида ғалати одамлар тез-тез йиғилиб, қизим билан сайрга чиқишимни кутишарди. У улар учун цирк маймунига ўхшарди, ҳатто енгини очиб кўрадиганлар ҳам бўларди”, деб эслайди Ванда Буэно

Виториянинг онаси ҳеч кимга эътибор бермасдан, қизини меҳр билан катта қилади. Фарзанди беш ёшга кирганда физиотерапевт унинг рақс билан шуғулланишини маслаҳат беради. Витория кўплаб рақс турларига қатнашиб, ўзини синаб кўради ва балетда тўхталади.

Ҳадик ва хавотир

Боласи чақалоқлигиданоқ кўпчилик томонидан масхара қилинган Буэно Виториянинг катталар ва болалар томонидан қандай қабул қилинишидан хавотирга тушади. Шундай бўлса-да, фарзандини уйда, одамлардан панада асрамайди. Буэно беш ёшли қизини балет синфига олиб келади.

Қизалоқнинг истеъдоди уни ижтимоий тармоқ юлдузига айлантиради ва кўпчилик учун у илҳом манбаи, ироданинг жонли тимсоли ҳисобланади.

Қўллари йўқлигига қарамай, жамоавий чиқишлар пайтида у шериклари билан ҳамоҳанг тарзда ҳаракат қилади, шунинг учун унинг қўллари йўқлигини бутунлай унутишингиз мумкин.

Фото: Reuters

Рақс орқали олинган куч ва мослашувчанлик нафақат орзуни рўёбга чиқариш, балки тишларини чўткалашдан тортиб, оёқлари билан супермаркетлар жавонидан нарсаларни танлашгача бўлган ҳамма нарсани бажарадиган Витория Буэно учун жуда муҳим эканлигини исботлади.

Унинг рақс мураббийи Фалсарелланинг айтишича, рақс дарсида кўплаб талабалар унинг мослашувчанлиги ва бақувватлигига ҳавас қилишади.

Ижтимоий тармоқлардаги ноодатий балеринанинг блогига 150 мингдан ортиқ киши обуна бўлди. Обуначилар учун 16 ёшли раққоса нафақат ироданинг жонли тимсоли, балки нима бўлишидан қатъи назар ўз орзусига эргашишга тайёр инсондир.

Фото: Reuters

“Мен учун қўллар шунчаки восита. Саҳнада мен кўзим билан рақсга тушаман. Ҳа, мен ҳам қўлларим бордек улар билан рақсга тушаман”, дейди Витория.

Фото: Reuters

Витория балет оламида феномен бўлишни хоҳламайди, у ўз мисолида ногиронлик фақат бошқаларнинг кўз ўнгида борлигини кўрсатмоқчи.

Қиз қўлсиз барча ишни қилишни ўрганди. У оёғи билан пардоз қилади, овқат тайёрлайди, оёқ бармоқлари ёрдамида ижтимоий тармоқда постлар қўяди.

Фото: Reuters

Яқинда Британия Қироллик рақс академиясининг ҳакамлари уни медал билан тақдирлашди ва Витория яқин келажакда ушбу труппанинг балетида рақсга тушишини ваъда қилишди.

09 Фото: РЕУТЕРС

“Менга ўхшаган одамлар биз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ”, - дейди қиз. - Бошқалар каби биз ҳам орзуларимизни амалга оширишимиз мумкин. Aгар йиқилсам, ўрнимдан тураман, импровизация қиламан ва яшашда давом этаман!”

Фото: Reuters
Фото: Reuters

“У оёқлари билан қила оладиган шундай ишлар борки, мен уларни қўлларим билан ҳам қила олмайман”, дейди ўгай отаси Хосе Карлос Перрейра.

 “Ҳар куни қайта туғиламан!”

У яқинда ўзининг Instagram саҳифасига туғилган куни муносабати билан шундай пост қўйди:

“Ниҳоят, 17 йил ўтди.

Мен билан жуда кўп нарса содир бўлди.

Мен туғилдим, катта бўлдим, йиғладим, табассум қилдим, йиқилдим ва ўрнимдан турдим, чунки ҳаёт шундай ... Ва шу кунгача шундай бўлади ... Мен ҳар куни қайта туғиламан, ҳар куни ўсаман, ҳар куни йиғлайман, ҳар куни табассум қиламан, чунки ҳар куни йиқилиб, энг муҳими, ҳар куни тураман!

Мен уларнинг кўпчилиги фақат менга ва менинг оила аъзоларимга маълум бўлган нарсаларни бошдан кечирдим. Лекин уларнинг аксарияти биз фақат Худо билан баҳам кўрадиган нарсалардир.

Мени таниганлар учун, мен туғилган кунимдан қанчалик хурсанд эканлигимни биласиз (дўстларим учун бу ҳатто зерикарли бўлади).

Лекин ҳеч ким билмайдиган нарса, мен яна бир янги имконият, янги йил ва янги маррани нишонлаш имконига эга бўлишдан нақадар шарафни ҳис қиламан.

Мени ҳеч қачон тушкунликка туширмаган Худо ва оилам борлигидан фахрланаман.

Ҳаётимда ҳар куни менга қанчалик муҳим ва севишимни кўрсатадиган одамлар ва дўстлар борлиги учун Худога шукур қиламан.

Бугунги кун учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ раҳмат.

Фото: Reuters
Фото: Reuters

Чарос Маннонова тайёрлади.

Мавзуга оид