Тошкентда 19 яшар йигитни калтаклаб, устига “зелёнка” сепганлар ушланди
Ҳодиса 12 октябрь куни пойтахтнинг Миробод туманида содир бўлгани аниқланган.
Тошкент шаҳар ИИББ интернетда тарқалган, номаълум шахслар бир йигитни ураётгани акс этган видеолавҳа иштирокчиларини топишга муваффақ бўлди.
Аниқланишича, 12 октябрь куни тахминан соат 21:00 ларда 20, 18 ва 16 яшар йигитлар Теlegram-бот орқали гиёҳвандлик моддаларни тарқатиш билан шуғулланиб келган 18 яшар шахс билан Миробод туманида учрашишган.
Видеода устига кўкдори (таркибида спирт бўлган, жароҳатларни зарарсизлантириш мақсадида ишлатиладиган яшил рангдаги суюқлик) сепилган йигит синтетик наркотикларни беркитиб чиқиш ва беркитилган жойнинг локацияларини буюртмачига юбориш билан шуғулланувчи кладмен эканини тан олгани ва бу иш билан бошқа шуғулланмаслигини айтиб ялиниб-ёлворганини кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар ИИББ хабарида қайд этилишича, йигитлар учрашишганидан сўнг биргаликда Бўстонлиқ туманига олиб боришган. Ўша ерда наркотик олди-сотдиси билан шуғулланиб келган шахсни уриб, тан жароҳати етказишган ва унинг устига кўкдори сепишган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми (“Одам ўғирлаш”) ва 105-моддаси 2-қисми (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Тергов жараёнида Ж.Р., Ш.A. ва Р.A.лар шунга ўхшаш бошқа бир қанча жиноятларни содир этишга алоқадорлиги аниқланган. Тергов давом этмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Пойтахт ИИББ гиёҳвандлик воситаларини тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳамда бу жиноятни содир этган шахслар қонун олдида жавоб бериши ҳақида ҳам эслатган.
Мавзуга оид
14:10 / 21.10.2024
Мексика ҲДК саккиз тоннадан ортиқ наркотикни мусодара қилди
12:21 / 11.10.2024
ДХХ Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди
11:11 / 05.10.2024
Тошкентда Nexia-3 ёниб кетди
15:30 / 25.09.2024