Жамият | 20:46 / 01.11.2022
20217
2 дақиқада ўқилади

Германия Федерал ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация ОКМКга ташриф буюрди

Бугун Германия Федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок хоним ҳамда Германия давлатининг бир қатор компаниялари вакиллари Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюришди.

Фото: ОКМК ахборот хизмати

Меҳмонлар ташриф давомида Қалмоққир, «Ёшлик-1» конларида бўлишиб, комбинатда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар билан яқиндан танишишди.

Шунингдек, Германия компанияларининг раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари «Ёшлик-1» мегалойиҳаси доирасида барпо этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикасининг қурилиш жараёнини ҳам кўздан кечиришди.

ОКМК раҳбарияти ва Германия давлати делегацияси ўртасида кечган мулоқот чоғида истиқболдаги ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди.

 Айтиш жоизки, комбинат ва Германия давлатининг қатор компания ва ташкилотлари ўртасида бир неча йиллардан буён ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Жумладан, жорий йилнинг май ойида Рух заводида 6-сонли сульфат кислотаси цехини қуриш бўйича Германиянинг “Metso:Outotec” компанияси билан шартнома имзоланган.

Шунингдек, “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида Марказий таъмирлаш механика заводига Германиядан Gleason P2000 ва Gleason P8000 тишли фрезер ускуналари олиб келинган.

Бундан ташқари, комбинат ва Германиянинг Фрайберг техника университети кончилик академияси ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Шунингдек, Чирчиқ шаҳрида мис саноати кластерини ривожлантириш доирасида ОКМК ва Германия давлати билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этилиб, ушбу корхонада ҳозирда мис кукунлари, мис ва мис қотишмасидан катанка, кимёвий чидамли баклар, рухланган симлар ва геокомпозит полимер қувур каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

ОКМК ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид