Жаҳон | 19:35 / 01.11.2022
25591
8 дақиқада ўқилади

Севастополга ҳужумдан кейин Россия «ғалла келишуви»дан чиқди. Лекин дон ташиш тўхтаб қолмади

Украина ўз ғалласини Туркия ва БМТ ёрдамида олиб чиқишда давом этмоқда. Россиянинг «ғалла келишуви»дан чиқишидан кейин нималар бўлмоқда?

Украина юк кемалари Истанбулда. Фото: EPA

29 октябр куни Россия мудофаа вазирлиги ва ТИВ мамлакат БМТ ва Туркия ҳамкорлигида озиқ-овқат экспорти учун Украина жанубидаги портларни блокдан ечиш бўйича тузилган келишувдаги иштирокини «номаълум муддат»га тўхтатишини маълум қилди. Россия бунга РФ Қора денгиз флотининг ушбу «ғалла йўлаги» хавфсизлигини таъминлашда иштирок этган кемаларига «ёппасига авиация ва денгиз кучлари орқали зарба берилиши»ни сабаб қилиб келтирган.

Россия томонига кўра шанба куни «украин қуролли кучлари гуманитар йўлак ниқоби остида [...] учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасида Россия Қора денгиз флотининг кемалари ва инфратузилмасига авиация зарбалари йўллади». Россия Севастополни 2014 йилда ноқонуний равишда аннексия қилиб олган.

Шу билан бирга, Россия ТИВ маълумотига кўра, ҳужумни «британиялик мутахассислар томонидан бошқарилган украин қуролли кучлари» амалга оширган.

Москвадагилар энди РФ денгиз йўли хавфсизлигини таъминлай олмаслиги ва шу туфайли уни бир томонлама ёпишини қўшимча қилишди. Россия идоралари баёнотидан бир соат ўтиб РФнинг БМТ қошидаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский Телеграм-каналида Россия БМТ Бош котибини келишувдаги иштирокини тўхтатгани ҳақида расман хабардор қилганини маълум қилди.

Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги Севастополда кемаларга ҳужум қилинган ҳудудда уриб туширилган дронлар парчалари сувдан олиб чиқилгани ҳақида маълум қилди. Ҳарбий идорадагилар тасдиқлашича, дронлар Одесса яқинидаги соҳилдан учирилган ва уларга Канада навигация модуллари ўрнатилган бўлган. Вазирликка кўра, дронлар «ғалла келишуви» доирасида ташкил этилган хавфсиз йўлак бўйлаб ҳаракатланган, кейин эса йўналишни ўзгартириб, Севастополдаги Россия кемалари томон учган.

Мудофаа вазирлиги версиясига кўра, дронларни «Буюк Британия вакиллари раҳбарлиги остидаги Киев режими» ҳавога кўтарган, россиялик ҳарбийлар бу «навигация приёмниги хотирасидан ўқилган маълумотлар қайта тикланиши натижаларига кўра аниқлангани»ни айтишган.

«Денгиз дронларидан бирининг ҳаракат координаталари Қора денгиздаги «ғалла йўлаги» хавфсизлик зонасининг денгиз ҳудудидаги бошланғич нуқтасини кўрсатди», дейилади вазирлик хабарида. Вазирлик мутахассислари тахмин қилишича, дронлар «Киев ёки унинг ғарблик ҳомийлари Украина денгиз портларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб чиқиш учун ижарага олган» фуқаролик кемаларидан бирининг саҳнидан учирилган».

«Эпик кўламдаги ёлғон»

Россия мудофаа вазирлиги Севастополда Қора денгиз флоти кемаларига ҳужум қайтарилгани ва фақат биргина денгизни миналардан тозалаш билан шуғулланувчи «Иван Голубец» кемаси шикастланганини маълум қилган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳужумга тайёргарлик «Украинанинг Миколайив области Очаково шаҳрида жойлашган британиялик ҳарбийлар раҳбарлигида» амалга оширилганини маълум қилганди. Шу билан бирга, Россия ҳукумати ушбу «британиялик мутахассислар»ни «Шимолий оқим» газ қувурларини портлатишни уюштиришда ҳам айблаган.

Лондон бу айбловлар ёлғон эканини айтиб чиқди. «Украинага ноқонуний босқин давомида учралган муваффақиятсиз ҳаракатларидан эътиборни чалғитиш учун Россия мудофаа вазирлиги ақл бовар қилмас миқёсдаги ёлғон баёнотлар тарқатишга киришди. Бу тўқиб чиқарилган ҳикоя Ғарбдан кўра Россия ҳукуматидаги баҳслар ҳақида кўпроқ гапиради», дейилади Британия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ғалла ташилиши давом этмоқда

Россия Украинадан ғалла экспорти хавфсизлигини таъминлашдан бош тортганидан уч кун ўтиб дон ортилган юк кемалари Украина ва Туркия портлари орасида қатнай бошлади.

Украинадан «ғалла келишуви» доирасида келган кема экипажи аъзоси ғаллани Истанбулдаги текширув учун тайёрламоқда. 
Yasin Akgul / AFP / Scanpix / LETA

Ғалла келишувида воситачилик қилган томонлар - Туркия ва БМТ унинг давом этишига умид қилмоқда ва Москва билан музокаралар режалаштирмоқда. Кремль ўз розилигисиз экспорт «таваккалчилик, хавфли ва кафолатланмаган» бўлишидан огоҳлантирган, аммо ҳозирча эшикларни ёпиб қўйишга шошилмаяпти.

Владимир Путин феврал ойида армияни Украинани босиб олишга жўнатган ва ёз ўрталарига қадар Россия флоти украин портларини тўсиб қўйганди. 20 млн тоннага яқин ғалла портларда қолиб кетган, бу жаҳон бозоридаги нархлар ўсишига олиб келган, қашшоқ мамлакатлар озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи остида қолганди. БМТ воситачилигида блокада бекор қилинди ва 1 августдан буён Украина 9 млн тоннадан ортиқ ғалласини экспорт қилди.

Аммо ўтган вақт давомида фронтдаги ўзгаришлар тажовузкор томон фойдасига бўлмади ва Россия бирин-кетин муваффақиятсизликларга учради. Бунга жавобан Путин муҳим фуқаролик инфратузилмаларини бомбалашга буйруқ берди, асосан электр станцияларга зарба берилмоқда, шанба куни эса буғдой келишувидан чиқилди.

Аммо душанба куни украин портларидан жами 355 тонна ғалла ортилган 12 та юк кемаси чиқди, улардан бири БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури доирасида Африкага ёрдами сифатида ҳаракатланди. Қолганлари Миср, Жазоир, Туркия ва Ғарбий Европага йўл олган.

Ғалла келишуви шартларига кўра, барча юк кемалари Истанбулда текширувдан ўтказилади. Душанба куни текширув фақат БМТ ва Туркия вакиллари томонидан ўтказилди, одатда уларга Украина ва Россиядан ҳам инспекторлар қўшиларди.

Туркия президенти Ражаб Эрдўған келишувнинг ўзига тааллуқли қисмини бажараётганини айтди.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали биз жаҳон озиқ-овқат инқирозини юмшатишга муваффақ бўлдик. Ва агар Россия энди келишув ўзига фойда келтирмаган деб топиб, қатъиятсизлик қилса ҳам, биз бутун инсоният манфаатлари йўлида қатъий ҳаракатларимизни давом эттирамиз», деди у душанба куни.

Туркия мудофаа вазири Хулуси Оқар Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан гаплашгани ва Украина армияси билан ҳам доимий алоқада бўлиб турганини айтди.

Барчаси бой берилмаган

Кремль алоқалар давом этаётганини тасдиқлади. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия агентликларидан бирининг Украинадан ғалла экспорти Россия иштирокисиз давом эттирилиши эҳтимоли юзасидан берган саволига жавоб қайтарди.

«Россия бу ҳудудларда кемачилик хавфсизлигини кафолатлашнинг иложи йўқлигини айтаётган шароитда бундай келишувнинг амалга оширилиши деярли имконсиз ва у бошқача характерга эга бўлади: янада таваккалли, хавфли ва кафолатсиз», дея Песковнинг сўзларини келтиради «Интерфакс».

Ғалла келишуви бутунлай ёпилиши эҳтимоли борасидаги саволга эса у шундай жавоб берган: «Туркия томони билан, шунингдек БМТ билан дипломатик линия ва бошқа идоралар орқали алоқа давом эттирилмоқда».

Украинанинг йирик ҳамкори бўлмиш Евроиттифоқ анчадан буён қуруқликдаги чегаралар орқали савдони кенгайтиришга уриниб келади, аммо денгиз йўллари ҳамон фойдалироқ ва кенг кўламли бўлиб қолмоқда.

«Россия келишувга қайтиши ва дунёга озиқ-овқат етказиб берилиши учун денгизда гуманитар йўлакларни таъминлаши керак. Россиянинг келишувдан чиқиши Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли юзага келган жаҳон озиқ-овқат инқирозига қарши курашиш учун зарур бўлган дон ва ўғит маҳсулотлари ташишнинг асосий экспорт йўналишига таҳдид солади», дейилади Еврокомиссиянинг душанба кунги хабарида.

ЕИ Украинадан экспорт учун дарё, темирйўл ва автомобил йўналишларини кенгайтиришга ваъда берган. Еврокомиссиянинг хабар қилишича, май ойидан буён бундай йўналишлар орқали камида 14 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид