Жамият | 20:22 / 01.11.2022
19072
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда деярли барча мактабларда бепул тушлик тарқатилмоқда, Қорақалпоғистонда эса бу амалиёт ҳали бошланмаган

Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул тушлик тарқатиш бўйича вазифа ижросини таъминлашда камчиликлар аниқланган.

Фото: Юксалиш

Жорий ўқув йилидан бошлаб Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94 фоиз мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали бошланмаган. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабар бермоқда.

«Юксалиш» сентябр охирида Давлат дастурининг 211-бандига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш вазифасини жойига чиққан ҳолда ўрганган. Мониторинг давомида мазкур амалиётни йўлга қўйишда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

Ҳаракат вакилларининг қайд этишича, бепул овқат билан таъминлаш ўз вақтида ташкил этилмаганининг асосий сабаблари сифатида ҳукумат қарори кеч қабул қилингани ва тасдиқланган таомномага мувофиқ ҳар бир ўқувчига ажратилган маблағ миқдори тадбиркорларда кам қизиқиш уйғотганини келтириш мумкин.

«Шунингдек, маҳсулотлар сифати, уларни сақлаш ва санитария талабларига риоя этиш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш лозим. Ўтган ўқув йили давомида муддати ўтган маҳсулотлар тарқатилгани ҳолатлари аниқланган ва бу ота-оналарнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлган», дейилади ташкилот хулосасида.

Қўшимча қилинишича, минтақа мактабларида зарур инфратузилма мавжуд эмаслиги ҳам амалиётни тўлиқ татбиқ этиш имконини бермаяпти. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти халқ таълими тасарруфида жами 1 275 та умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг 856 тасида ошхоналар (472 та ошхона ва 384 та буфет) мавжуд. Мавжуд ошхоналарнинг 289 таси таъмирталаб, 419 та мактабда эса ошхона ёки буфет мавжуд эмас.

Мавзуга оид