Ўзбекистон | 23:14 / 02.11.2022
13898
7 дақиқада ўқилади

Секин одимлаётган электрон тижорат: бунга нималар сабаб?

Электрон тижорат бозори бутун дунё бўйлаб шиддат билан ўсиб бормоқда. Ўзбекистонда эса охирги йилларда анча қулай тўлов тизимлари пайдо бўлган бўлса-да, қатор омиллар сабаб тадбиркорлар маҳсулотини интернетда сотишга, харидорлар эса интернет орқали сотиб олишга шошилмаяпти.

Фото: Andrey Popov

Маҳсулот сотиб олишдаги қулайлиги ва вақтни тежашига қарамай, ўзбекистонликлар электрон савдога у қадар ҳам тез ўрганиб кетмаяпти. Ҳатто коронавирус пандемияси ҳам соҳага кутилган даражада катта стимул бера олмади. Фикримизча, буни бирламчи уч омил билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, электрон буюртмалар ёки электрон шартномаларда келишилган маҳсулот ва хизматларни манзилга етказиб беришда транспорт-логистика тизимида камчиликлар бор.

Иккинчидан, ҳудудлар кесимида интернет сифати кескин фарқ қилади. Вилоятларда пойтахтга нисбатан, туманларда эса вилоят марказига нисбатан интернет сифати сезиларли даражада ёмон.

Учинчидан, почта тизими кенг оммалашмаган ва виртуал фирибгарликлар кўпайиб боряпти.

Электрон савдо ҳажмини қандай қилиб ошириш мумкин?

Мавжуд сегментларни туб ўзгартирмаган ҳолда яхшилаш. Масалан, амалда бутун бошли транспорт-логистика тизимини қисқа муддатда республика миқёсида қайта қуриб чиқишнинг имконияти мавжуд эмас. Шундай экан, ҳудудлардаги маҳаллий аҳолидан келиб чиққан ҳолда ҳудудий савдо дўконларини “сўнгги етказиб бериш нуқтаси”га айлантириш мумкин. (Швейцариянинг “buy local” тажрибаси, Австриянинг “regional web shops” тажрибаси). Шунингдек, марказлашган ягона маълумотлар базасининг (сервер) мавжуд эмаслиги кибержиноятчилар учун ҳам ягона ҳужум нишони мавжуд бўлмаслигини таъминлайди.

Мавжуд тизимни сақлаб қолган ҳолда, унинг хусусиятини қисман ўзгартириш. Xусусан, банк карталарида аҳоли ёш тоифаси ёхуд инклюзивлиги нуқтайи назаридан келиб чиққан тўлов тизимларини тақдим этиш. Бу орқали виртуал фирибгарлик мўлжалига айланиши мумкин бўлган энг заиф қатламлар, катта ёшли қариялар ва ногиронлиги бор шахслар учун соддароқ хизматлар таклиф этиш имкони вужудга келади.

Онлайн электрон тижорат бозорини шакллантиришда қайси омиллар муҳим аҳамият касб этади?

M-Faktor лойиҳасининг навбатдаги кўрсатуви меҳмони бўлган iWengo электрон тижорат бизнес-мактаби асосчиси Юлиана Гордоннинг таъкидлашича, маркетплейсларнинг (онлайн электрон тижорат бозори) ривожланиши маркетинг, логистика операциялари, маҳсулот ассортименти, харидорлар билан ишлаш, интернет нархи, ижтимоий тармоқлардаги аҳоли улуши ва бозордаги маҳсулотларнинг электрон савдога ихтисослашгани каби бир қанча омилларга боғлиқ.

“Мендаги маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 27 млн интернет фойдаланувчиси бор. Ҳозирда мамлакатда электрон савдо асосан Telegram-каналлар орқали амалга оширилади. Аммо ҳеч ким интернет орқали савдо қиладиганларнинг статистикасини ҳисоблаб чиқмаган.

Шу ўринда, аниқ айтишим мумкинки, кейинги 5 йил ичида Ўзбекистонда маҳсулотларни электрон харид қилувчи истеъмолчилар улуши минимум 3-4 баробарга ошади. Шунингдек, умумий интернет фойдаланувчилари улуши ҳам кўпаяди. Евромониторинг натижаларига кўра эса, Ўзбекистондаги кунлик интернет савдо ҳажмининг ўсиши кейинги 5-7 йил ичида 12 баробаргача бўлиши мумкин.

Электрон савдонинг ўсиши мамлакатдаги “технологик” одамлар миқдорига жуда ҳам боғлиқ. Онлайн тарзда стакан ёки компьютер сотиб олиш учун ҳам, харидор биринчи навбатда интернет орқали харид қилишни билиши керак”, – дейди россиялик мутахассис.

Гордоннинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда электрон савдонинг ўсиши учун мамлакатнинг ҳар бир қисмида савдо қилаётган тадбиркор ўз маҳсулотини онлайн сотишни ўрганиши керак. Маркетплейслар миқдорининг кўпайиши ҳам онлайн харидларнинг кўлами ошишига ёрдам беради.

“Онлайн дўконларда сотилаётган маҳсулот тўлиқ таништирилиши керак. Сотилаётган товарнинг фақат расми қўйилган бўлади, сотиб олинганда эса у умуман бошқача бўлиши мумкин. Бу харидорлар ошишига хизмат қилмайди.

Масалан, мен интернет орқали товар сотиб олишни хоҳламайман, чунки пластик картамнинг хавфсизлиги таъминланмаган. Яъни тўлов қилиш хавфсизлиги таъминланмаган. Товар етказиб берилмаса, пулни қайтариб олишда муаммолар мавжуд. Бу омиллар интернет орқали савдо қилишнинг кескин ошишига халақит бермоқда. Электрон савдонинг ривожланиши янги иш ўринларининг пайдо бўлишига ҳам замин яратади. Кичкина оилавий бизнеслар ҳам 4-5та янги иш ўрнини ташкил қилиши мумкин. Кимдир товарни етказиб бериш билан шуғулланади, яна кимдир харидорлар билан мулоқот қилади, яна кимдир эса буюртма олинган маҳсулотни етказиб беришга тайёрлайди. Бизнес қанчалик ривожланса, янги иш ўринлари миқдори ҳам ошиб бораверади. Шунингдек, логистика соҳаси ривожланади”, дейди у.

Мутахассиснинг тушунтиришича, онлайн савдо кўламини ошириш учун Ўзбекистонда инфраструктура, омборхоналар, маҳсулот етказиб бериш учун автомобиллар, буюртмаларни қабул қилиш пунктларини ташкил этиш лозим. Инфраструктурани ривожлантириш жуда муҳим жиҳат бўлиб, бунинг учун миллионлаб долларлик инвестициялар керак бўлади.

“Иккинчи муҳим омил – технология. Маҳаллий операторлар билан алоқани таъминлаш, соҳани ривожлантириш учун жуда ҳам сифатли интернет керак. Мамлакатнинг қайси қисмида одам яшаса, улар онлайн савдоларда иштирок эта олишлари лозим. Масалан, фермер 1 тонна гилос етиштирди, у онлайн платформага кириб, ўз маҳсулотини улгуржи сота олиши керак. У бу ишни даланинг ўзидан туриб қила олиши даркор. Аммо далада интернет йўқ. Муаммони ечиш учун узоқ муддатли ва катта ҳажмдаги инвестициялар керак. Ҳукумат алоқа сифатини яхшилаш учун ёрдам бериши лозим.

Яна битта катта муаммо – логистика. Максимум ҳар 5 кмда буюртмаларни қабул қиладиган пунктлар бўлиши керак. Шундагина биз интернет орқали савдонинг ривожланиши ҳақида гапиришимиз мумкин.

Бундан ташқари – маркетинг ҳам жуда муҳим омил. Харидорларга керак бўладиган товарлар ассортиментини кўрсатиб бера олиш керак”, – дейди Юлиана Гордон.

Credit Suisse хулосалари

Credit Suisse мутахассисларига кўра, бирор мамлакатда электрон тижорат (интернет-дўконлар) ривожланиши 13 та факторга боғлиқ:

1. Мамлакатнинг тезкор симли интернет билан таъминланганлик даражаси;

2. Мамлакат аҳолисининг смартфон ва планшетларга эгалик қилиш даражаси;

3. Харажатларда онлайн ва банк карталари орқали тўловлар ҳажми юқорилиги;

4. Amazon ёки бошқа бирор халқаро компаниянинг мамлакатда фаолият юритиши;

5. Мустақил стартаплар маданияти ривожланганлиги;

6. Шаҳар транспорт инфраструктураси ривожланганлиги;

7. Бир нечта бир миллиондан ортиқ аҳолига эга мегаполислар борлиги;

8. Беш миллиондан ортиқ аҳолига эга мегаполис борлиги;

9. Аҳоли бошига ялпи ички маҳсулот юқорилиги;

10. Аҳолининг автомобилга эгалик даражаси;

11. Ўрта ва юқори даромад оладиган оилалар кўплиги;

12. Супермаркетларнинг қанчалик тарқалганлиги;

13. Ноқулай мавсумий иқлим.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид