Жаҳон | 07:13 / 03.11.2022
10993
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидидан хавотирда

Вашингтоннинг қайд этишича, сўнгги бир ой ичида АҚШ хавотирлари кучайган. Аввалроқ Дмитрий Медведев Киев Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларини қайтаришга уринган тақдирда Россия Федерацияси ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини айтганди.

Фото: Picture Alliance

АҚШ маъмуриятида Россиянинг Украинага қарши урушда ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолидан хавотир ортиб бормоқда. 2 ноябрь, чоршанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жим Кирби сўнгги бир ой ичида АҚШнинг бу борадаги хавотири кучайганини айтди. «Биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боряпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги «ядро урушининг олдини олиш тўғрисида» баёнот эълон қилди, унда «Россия ҳеч қандай ғолиб бўлиши мумкин бўлмаган ядро урушига йўл қўймаслик ҳақидаги постулатга қатъий ва изчил равишда амал қилмоқда» деб таъкидланади.

«Россиянинг ушбу соҳадаги доктринал кўрсатмалари жуда аниқ ифодаланган, улар соф мудофаавий хусусиятга эга ва кенг талқин қилишга имкон бермайди. Россия гипотетик жиҳатдан ядро қуролидан фойдаланиш билан жавобга фақат оммавий қирғин қуроли ёрдамида амалга оширилган тажовузга жавобан рухсат беради», - тушунтирилади ҳужжатда.

Айни пайтда, Москва қачон «Россиянинг мавжудлиги хавф остида» деб ҳисоблаши мумкинлиги ҳақидаги савол ноаниқлигича қолмоқда. Путин сўнгги ойларда Россия Украинада ядро қуролини қўллаш режаси йўқлигини бир неча бор таъкидлаган, бироқ Россия «ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш» учун «барча воситалардан» фойдаланиши мумкинлигини айтган.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев бир кун аввал ўзининг Telegram-каналида Киев уруш пайтида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни Украина назорати остига қайтаришга ҳаракат қилса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини ёзган эди. Унинг таъкидлашича, босиб олинган ҳудудларни «Россия Федерациясидан тортиб олишга» уриниш Россиянинг мавжудлиги ва унинг қулашига таҳдид солади, шунинг учун бу Россия сиёсатининг тегишли бандини қўллаш учун бевосита сабаб бўлади. 

Шу билан бирга, The New York Times газетасининг хабар беришича, Россиянинг юқори мартабали ҳарбий амалдорлари Украинада қачон ва қандай тактик ядро қуролидан фойдаланиш мумкинлигини муҳокама қилишган, Россия президенти Владимир Путин муҳокамада иштирок этмаган. Нашр, шунингдек, Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор аллақачон қабул қилинганини кўрсатувчи маълумотлар йўқлигини таъкидлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид