Жаҳон | 07:52 / 03.11.2022
8508
2 дақиқада ўқилади

БМТ Россиянинг «Украинадаги биоқурол» ҳақидаги резолюциясини рад этди

Бирлашган миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Москванинг Вашингтон ва Киев Украинадаги биологик қурол дастурларига алоқадорлиги ҳақида тергов ўтказишни талаб қилувчи резолюциясини рад этди. 

Фото: Sean Kilpatrick/The Canadian Press

Ҳужжат фақат Россия ва Хитой томонидан қўллаб-қувватланди. АҚШ, Буюк Британия ва Франция унга қарши чиқди. Қолган ўнта давлат бетараф қолди. Қарор қабул қилиш учун камида тўққиз овоз керак эди.

Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан сўнг, Россия Қўшма Штатлар гўёки бутун дунё бўйлаб махфий лабораториялар тармоғини яратганини даъво қилмоқда. 

Россия расмийлари «махсус операция» деб атаган уруш пайтида Украинада «Пентагоннинг бевосита иштирокида биологик қурол компонентлари» яратилгани ҳақида гўёки далиллар олинган. 

Украина президенти Володимир Зеленский март ойи ўрталарида бу айбловларни рад этди. АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили ҳам раддия берди.

Бундан олдин Европа комиссияси Владимир Путиннинг 27 октябрдаги нутқини «Оруэллча» деб атаганди. «Путин нутқида нотўғри гап тўғри, тўғри нотўғри, ҳақиқат ёлғон, ёлғон эса ҳақиқатдир», — деди Европа Иттифоқи Ташқи ишлар хизмати матбуот котиби Набила Массрали.

Путиннинг Киев «ифлос бомба» яратаётгани ҳақидаги даъволарини Европа комиссияси вакили асоссиз деб атади. «Россия, аввалгидек, ўз айбловларини ҳеч қандай далил билан тасдиқлай олмади», деди у ва Москванинг Украинада биологик қурол ишлаб чиқилиши ҳақидаги ёлғон даъволарини 24 февраль куни мамлакатга кенг кўламли ҳарбий бостириб киришини оқлашга уриниш сифатида баҳолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид