Биринчи турда «Шахтёр» «Лейпциг»ни Германияда йирик ҳисобда мағлуб этган (4:1) ва Доменико Тедескони истеъфога жўнатганди. Ўшанда уч очкога эга бўлган «кончилар» амалда асосий рақибида ижобий ўзгаришларни бошлаб берган бўлиб чиқди, жамоа Марко Розе бошқарувида Чемпионлар лигасининг қаторасига уч ўйинида ғалаба қозонди. «Реал» устидан ғалаба нафақат немис клуби тарихига кирди, балки жамоани сўнгги турда дуранг ҳисоб ҳам қониқтиришини таъминлаб берди.
Аммо «Лейпциг» бу билан кифояланмасликка қарор қилди. Нкунку кетма-кет вазиятлар яратди ва учинчи уринишда Трубин дарвозасини ишғол этди. «Шахтёр» танаффус арафасида ҳисобни тенглаштиришга яқин келди, аммо рақибга қийин лаҳзалар тақдим этишдан ортиғига эриша олмади. Аммо немислар туриб беришди ва иккинчи бўлимни ҳам ҳисобдаги устунлик билан бошлаб, кўп ўтмай бу устунлик иккинчи гол билан мустаҳкамланди.
Кейин Траоренинг меҳмонлар дарвозасига ҳужуми рўй берди, у йиқилган вазият учун видеотакрордан кейин пеналти қўйилмади, бунинг ортидан Собослаи ва Ольмонинг голлари билан «Шахтёр»таслим этилди. Украинлар Европа Лигасига йўл олади, «Лейпциг» ЕЧЛда илк бор қаторасига тўрт ғалабага эришиб, гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқди.
Параллел кечган учрашувда кутилган ўйин кузатилди, гуруҳ етакчиси сўнгги ўриндан кўтарилиш учун ҳеч қандай имкониятга эга бўлмаган аутсайдерни йирик ҳисобда мағлуб этди. Ўйин ҳаками Стефани Фраппар биринчи бўлимнинг ўзида учта пеналти белгилади. «Реал» ўйиндан гол урилмаган вазиятларини тўп икки бор рақиб қўллига тегишидан кейин белгиланган 11-метрлик жарима зарбаларини аниқ ижро этиш билан қоплади, Куртуа эса Юранович ижросидаги пеналтини қайтарди.
Иккинчи бўлимда эса «Реал» ўзи хоҳлаган ўйинни намойиш этиб, дидга қараб гол урди. Яна бир бор Вальверде майдондаги энг яхши футболчи бўлди, пенальти ишлашдан ташқари Винисиуснинг голига ҳаммуаллифлик қилиб, ўз голини ҳам нишонлади. Уругвайлик футболчи жарима майдони ташқарисидан урилган голлар (5) бўйича топ-5 лига футболчилари орасида етакчилик қилмоқда, у навбатдаги аниқ зарбаси билан Месси ва Камадани ортда қолдирди. Бу ўйиндаги яна бир эътиборга молик воқеа Бензема майдонга қайтиши бўлди, у йирик ҳисоб қайд этилган ўйинда гол урмаган бўлса-да, ўйин ритмини яна ҳис қила бошлади.
Карло Анчелоттининг ютуғи борасида статистиклар турлича фикрда. Айримлар мураббийнинг бир ғалабасини ҳисобламайди ва унинг ЕЧЛдаги ғалабали ўйинлари сони 102 та эканини айтишади, бошқа версияга кўра эса италиялик мутахассис аллақачон 103 ғалабали ўйин ўтказган ва бу борада Алекс Фергюсонни ортда қолдирган.
Ушбу оқшомда яна икки жамоа ўзаро ўйинда плей-офф йўлланмаси масаласини ҳал қилди ва бу «Шахтёр» ҳамда «Лейпциг» тўқнашувидан кўра шиддатлироқ кечди. «Милан», табиийки фаоллик билан бошлади ва дебютдаёқ Эрнандеснинг хавфли зарбаси устунга тегди. Ҳужумкорлик давом этди ва бурчак зарбаси ижро этилганида Жиру ўз услубида гол урди, француз ҳужумчисининг яна бир голи офсайд туфайли бекор қилинди.
Бу «Зальцбург»га ўйинга қайтиш имконини берди, кетма-кет хавфли зарбалар йўлланди, биринчи бўлим охирида австрияликлар ҳисобни тенглаштиришига бир бахя қолди, аммо Тэтэрушану Адаму ижросида яқин масофадан йўлланган зарбани бартараф этди. Ва бу бурилиш нуқтаси бўлди, ўйиннинг иккинчи бўлими Круничнинг голи билан бошланди, Рафаэл Леаунинг соло амалга ошириб, рақиб жарима ҳудудига кириб бориши меҳмонлар ҳимоячиларини маҳлиё этди ва унинг қанотдан узатмаси Жирунинг дубли билан якунланди. У Жуниор Мессиасга ҳам голли узатма берди ва «Сан-Сиро»да яна бир бор қаҳрамонга айланиб, «Милан»нинг плей-оффга чиқишига катта ҳисса қўшди.
«Стэмфорд Бриж»да эса кутилмаганда ҳисобни хорватлар очишди, фақат ғалаба улар баҳорда Европа Лигасида иштирок этиш имконини қолдирарди. Аммо Петковичнинг голига кўп ўтмай Стерлинг жавоб қайтарди, у Обамеянгнинг товон билан берган узатмасидан унумли фойдаланди, 30-дақиқага келиб эса «Челси» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бу ниҳоят Лондон жамоасида дебют амалга оширган Закариёнинг саъй-ҳаракатлари билан рўй берди.
Бу 5-турдан кейиноқ барча жамоаларнинг ўринлари маълум бўлиб улгурган ягона гуруҳ эди, шу туфайли Хосеп Гвардиола бошланғич таркибда ёш Льюисни туширишга жазм этди. Ва бу албатта биринчи бўлимда мағлубиятга учралиши сабаби эмасди, ушбу ёш ҳимоячи гол урилган вазиятда бурчакдан узатилган тўпга ундан бошқа тажрибали ҳимоячилар ҳам сакрамади ва Рафа Мирни қўриқламади, дарвозада турган Ортега ҳам қутқармади.
Льюис ўз сўзини иккинчи бўлимда айтди ва Альвареснинг уч ҳимоячи орасидан ўтказиб берган пасидан кейин тўпни дарвозага аниқ йўналтирди, у бу голи билан ўйиндаги вазиятни ўзгартирибгина қолмасдан, Чемпионлар лигаси тарихига ҳам кирди. Бунгача ҳеч ким бошланғич таркибдаги дебютида 17 ёшу 346 кунлик эканида гол урмаганди, Льюис эса Бенземанинг натижасини яхшилади. 2005 йилда «Лион» сафида ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчи бўлган француз «Сити» ҳимоячисидан олти кунга катта эди.
Копенҳагендаги ўйин шуниси билан эътиборли бўлдики, данияликлар гуруҳ турнир босқичини голсиз тарк этмайдиган бўлишди. Классон қулай вазиятни йўққа чиқарди, аммо кейин унинг узатмасидан 19 ёшли исланд Ҳаральдссон гол урди.
Ўтган турда «Ювентус»ни мағлубиятга учратган «Бенфика» бу турда илк дақиқаларданоқ туринликлар жамоасига ёрдам беришга киришди. Португаллар биринчи дақиқаданоқ ташаббусни қўлга олишди ва зарбалардан бири дарвоза устунига тегди, 20-дақиқада Гонсалу Рамушнинг голи билан ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Аммо кўп ўтмай «бургутлар» ҳимоячиси қўлига тўп тегишидан кейин пенальти қўйилди ва «Маккаби» ҳисобни тенглаштириб, маълум вақтга «Юве»ни тўртинчи ўринга тушириб юборди.
Аммо бу узоқ давом этмади, иккинчи бўлимда Муса боши билан аниқ зарба йўллаб, «Бенфика»нинг устунлигини қайтарди. Бу ўйинда португаллар ғалаба, имкон қадар йирик ҳисобдаги ғалаба учун ўйнаши ўзи учун ҳам керак эди. Жамоа Гримальдонинг жарима зарбасидан урган чиройли гол билан ҳам тўхтамади. Ўйин охирида лиссабонликлар ўйинни янада кучайтиришди ва бешинчи гол урилганида барча регламентни ўрганишга киришиб кетди, чунки «Бенфика» ва «ПСЖ» жамоаларининг очколари ҳам, тўплар нисбати ҳам бир хил бўлиб қолиши мумкин эди.
Шундай ҳам бўлиб чиқди, қўшиб берилган дақиқаларда ЕЧЛнинг кузги мавсуми қаҳрамонларидан бири бўлган Жоау Мариу мезбонлар дарвозасига олтинчи голни йўллади ва унинг зарбаси ҳал қилувчи бўлиб чиқди. «Бенфика» Париж суперклубини қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига - сафарда урилган голлар сони кўплиги туфайли ортда қолдирди, аммо буни тасодиф дейишга шошилмаслик керак, Рогер Шмидт бошқарувидаги жамоа «ПСЖ» билан икки ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этди.
Шу тариқа гуруҳ босқичида қатнашган 32 жамоадан 16 таси плей-оффга йўлланма олди, 8 таси Европа Лигасига тушиб кетди, яна 8 таси эса еврокубоклар билан хайрлашди.
3-ўринни олиб, Европа Лигасига йўл олганлар — «Аякс», «Байер», «Барселона», «Спортинг», «Зальцбург, «Шахтёр», «Севилья», «Ювентус».
Плей-офф босқичига қуръа ташлаш маросими 7 ноябр куни ўтказилади.
Кун статистикаси
Гуруҳ босқичида Шотландиянинг «Селтик» ва «Рейнджерс» клублари жами 2 очко жамғаришди. Бу бир мамлакатнинг камида икки жамоаси тўплаган очколар сони бўйича энг ёмон натижа.