Мендеш яна Ямалга ўйин бермади

«Барселона» – «ПСЖ» 1:2
Голлар: Торрес, 19 (1:0). Маюлу, 38 (1:1). Рамуш, 90 (1:2)
«Барселона»: Шченсни, Кубарси, Гарсия (Кристенсен, 86), Мартин (Балде, 72), Кунде, Педри (Бернал, 79), де Йонг, Олмо (Касадо, 72), Рэшфорд (Левандовски, 72), Ямал, Торрес
«ПСЖ»: Шевале, Забарний, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакими, Витиня, Заир-Эмери, Руис (Рамуш, 72), Барколя (Ли Кан Ин, 80), Мбай (Эрнандез, 65), Маюлу (Нджанту, 80)
Огоҳлантиришлар: де Йонг, 32. Олмо, 57. Касадо, 78. Ямал, 90 – Нуну Мендеш, 44. Ҳакими, 87

«Барселона» ва «ПСЖ» сўнгги вақтларда бир-бирининг майдонида энг яхши ўйинларини кўрсатмоқда. Париждаги сўнгги ўйинда каталонияликлар ғалабага эришганди. Французлар эса «Барса»ни 2024 йил апрелида сафарда мағлуб этиб қайтганди. Бу анъана давом этди. «ПСЖ» қийинчилик билан бўлса-да, иродали ғалабага эришди. Таркибдаги йўқотишлардан ва жамоанинг ЕЧЛдаги тақвимидан келиб чиқилса, бу ўта муҳим ғалаба бўлди. Масалан, бу ўйинни «Олтин тўп» соҳиби Усмон Дембеле, «ПСЖ» сардори Маркиниос ўтказиб юборишди, шунингдек, асосий таркиб футболчиларидан Хвича ва Дуэ ҳам жароҳатда. «Барселона» ҳам таркиб борасида муаммоларга учраган: Ҳанси Флик Рафиня, Жоан Гарсия, Марк-Андре тер Штеген, Фермин ва Гавининг хизматларидан фойдалана олмаяпти, Балде эса эндигина жароҳатидан тузалган ва захира ўриндиғида қолдирилди.

Шунга қарамай, мезбонлар ўйинни кучли бошлашди ва 19-дақиқада мантиқий гол урилди: Ферран Торрес Люк Шевалени алдаб ўтиб, ҳисобни очди. «Барса» ҳисобдаги устунликни ошириши мумкин эди, аммо уддалай олмади. «ПСЖ» эса ўз вазиятидан фойдаланди ва ҳисобни тенглаштирди. 38-дақиқада Сенни Маюлу Нуну Мендешнинг пасидан кейин Войцех Шченснига ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди, ўйин охирида эса «Барса» дурангни ҳам сақлаб қола олмади. 90-дақиқада юқори чизиқда ҳимояланган мезбонлар панд ейишди: қарши ҳужумда Гонсалу Рамуш Ашраф Ҳакимининг пасидан кейин ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан ғалаба голини уриб кетди.