Украина ядро объектларида "ифлос бомба" тайёрлаш белгилари топилмади
АЭХА Киев сўровига кўра, Россия даъво қилганидек, «ифлос бомба» тайёрланиши мумкин бўлган Украинадаги бир қанча объектларига мутахассислар юборди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) инспекторлари Украинада «ифлос бомба» ишлаб чиқиш ёки бошқа эълон қилинмаган ядровий фаолият белгиларини топмади. Бу ҳақда 3 ноябрь, пайшанба куни агентлик бош директори Рафаэл Гросси маълум қилди.
АЭХА Украина ҳукумати сўровига кўра уч объектга – Киевдаги Ядро тадқиқотлари институти, Желти Водидаги Шарқий кон-қайта ишлаш комбинати ва Днипродаги Жанубий машинасозлик заводига мутахассислар юборди. Сўровга россиялик сиёсатчилар, жумладан, президент Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Украина «ифлос бомба» ёрдамида провокациялар тайёрлаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлди.
Агентлик матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, инспекторлар томонидан барча режалаштирилган тадбирлар амалга оширилган, уларга объектларга тўсиқсиз кириш имкони берилган. Кейинчалик таҳлил қилиш учун улар атроф-муҳит намуналарини ҳам олди.
«Ифлос бомба» - бу одатий портловчи қурилмадан ташкил топган фаразий оммавий қирғин қуроли бўлиб, у портлатилганда ўз атрофида радиоактив моддаларни тарқатади.
23 октябр куни Сергей Шойгу бир неча давлат мудофаа вазирларига қўнғироқ қилиб, Украинадан эҳтимолий провокация ҳақида огоҳлантирган. Бу маълумот Россия давлат матбуотида ҳам пайдо бўлди. Киев АЭХАга россиялик сиёсатчилар гапирган барча объектларни текширишни таклиф қилди. Путин Валдай форумида нутқ сўзлаб, бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Киев Москванинг сўнгги айбловларини қатъий рад этди. «Агар Россия қўнғироқ қилиб, Украина гўёки нимадир тайёрлаяпти, деса, бу бир нарсани англатади: Россия буларнинг барчасини аллақачон тайёрлаб қўйган», — деди Украина президенти Володимир Зеленский «ифлос бомба» ҳақидаги гапга.
Мавзуга оид
15:12
Ҳар икки томон ҳам ён бериши керак — АҚШнинг янги давлат котиби Украинадаги сулҳ ҳақида
14:28
Зеленский: Украинага камида 200 минг нафар тинчликпарвар керак
21:16 / 21.01.2025
Хавфсизлик кафолати бўлмаса, Путин 10 баробар кучли армия билан қайтади — Зеленский
20:22 / 21.01.2025