Жамият | 20:00 / 04.11.2022
14726
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодий форумида “Ўзбекнефтгаз” АЖ йирик халқаро компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган II Ўзбекистон иқтисодий форумида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳам иштирок этяпти ва бир қатор йирик халқаро компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда.

Халқаро даражадаги етакчи иқтисодчилар ва халқаро экспертларни жамлаган II Ўзбекистон иқтисодий форумида Ўзбекистоннинг келгуси беш йиллик тараққиёт стратегияси, иқтисодий имкониятлари, халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

Ушбу форумда ишбилармон доиралар ва хорижий ҳамкорлар, халқаро банклар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш учун “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Иқтисодий форумнинг биринчи кунида Озарбойжоннинг “SOCAR”, Америка Қўшма Штатларининг “JPMorgan Chase Bank”, Швейцариянинг “CreditSuisse” ҳамда Япониянинг MUFG компаниялари ва банкларининг вакиллари билан мулоқот қилинди.

Мулоқотда йирик халқаро компаниялар ва банклар раҳбарларига “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан эришилган натижалар, рақамлаштириш ва трансформация жараёнлари, соҳада амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Даставвал Озарбойжоннинг “SOCAR” компанияси Вице-президенти Рафига Гусейзода бошчилигидаги делегация аъзолари билан музокаралар олиб борилди. Томонлар аввал эришилган келишувларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, нефт ва газ соҳасида инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳамда уларнинг кейинги истиқболлари, геология ва қидирув ишлари, экологик хавфсизликни таъминлаш йўналишида технологиялар ва тажриба алмашиш имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилди. Ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Навбатдаги учрашув 2,5 триллион долларлик активларга эга бўлган, узоқ йиллардан буён самарали ва ишончли фаолият юритиб келаётган “JPMorgan Chase Bank” делегацияси аъзолари билан ўтказилди.

Ўз навбатида “CreditSuisse” ҳамда “MUFG” банки вакиллари билан ҳам икки томонлама манфаатли келишувларга эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва турли корпоратив эҳтиёжларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, иқтисодий форум давом этмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан форум доирасида ҳамкорлик масалалари юзасидан яна бир қатор нуфузли компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид